Ўзбекистон | 19:12 / 24.08.2021
18734
3 дақиқада ўқилади

«Ҳаммаёқда арча ва «газон» — Тошкентда экиладиган дарахт турлари қайта кўриб чиқилади

Президент видеоселекторида Тошкент шаҳрининг 60 километр канал бўйлари, 250 километр пиёда йўлаклари атрофига манзарали дарахтлар экиш кераклиги, бунда Тошкент шаҳрида экиладиган дарахт ва экинларни табиий иқлимдан келиб чиқиб, қайта кўриб чиқиш зарурлиги қайд этилди.

«Шаҳарнинг ҳамма жойида кўп сув талаб қиладиган арча ва «газон» кўпайиб кетди. Наҳотки, ўзимизнинг шароитга мос кўчат навлари билан таъминлаш ҳақида ҳеч ким бош қотирмайди? Бу бизга оғирлик қиляпти, чунки сув муаммоси бор бизда. Мисол учун, газон ўрнига йил 12 ой кўм-кўк турадиган манзарали буталар, каштан, қайин, заранг (клён), лола дарахти экиш мумкин-ку?» дейди давлат раҳбари.

Шу муносабат билан қуйидаги вазифалар белгиланди:

  • икки ҳафта муддатда илмий асосланган ҳолда пойтахтнинг қайси кўчасида қандай дарахт ва экинларни жойлаштириш бўйича тақдимот қилиш;
  • йил якунига қадар Бўзсув сув иншоотининг бўш турган 40 гектар майдонида «яшил ҳудуд» ташкил этиш;
  • икки ой муддатда пойтахтга янги қўшилаётган ҳудудларнинг 1,5 минг гектарида дарахтзорлар ташкил этиш ишларини бошлаш; 
  • ҳудудларда йил якунига қадар аҳоли массивларида 855 гектар майдонга эга «яшил майдон» ҳамда 585 гектар майдонда жамоат паркларини ташкил этиш. Бунда ушбу ҳудудларни ер ва мулк солиғидан озод қилиш;
  • дарахтларни бино ва иншоотлар мулкдорларига бириктириш ва кадастр паспортини тақдим этиш тизимини жорий этиш.

Республикадаги истироҳат боғларининг аксарияти қаровсизлиги танқид қилинди.

«Мисол учун, Қарши шаҳридаги 27 гектар майдонга эга «Алишер Навоий» истироҳат боғининг 11 гектари аттракционлардан тозаланиб, «сокин ҳудуд»га айлантирилган. Ушбу ҳудудда китобхонлик, шеърият, бурчаклари, 2 километр пиёда ва вело йўлаклар ташкил этилган.

Лекин республикадаги 300га яқин истироҳат боғлари турли вазирлик ва идораларга қарашли бўлиб, уларнинг аксарияти қаровсиз, десак бу ҳам ҳақиқат.

Мисол учун, Андижон шаҳрида Маданият вазирлиги ва Ёшлар иттифоқига қарашли 3та истироҳат боғи таъмирталаб аҳволда.

Шу боис, Абдуҳакимов вилоят ҳокимлари билан бирга, бир ой муддатда барча истироҳат боғлари ва ҳудудидаги мавжуд дарахтларни тўлиқ хатловдан ўтказиб, уларни ривожлантириш бўйича қарор лойиҳасини киритсин», деган президент.

Бундан олдинроқ президент ҳар бир шаҳар ва туман марказида камида иккитадан «яшил майдон» ва жамоат парклари ташкил этилишини маълум қилгани хабар қилинганди. 

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид