Ўзбекистон | 20:52 / 24.08.2021
4999
2 дақиқада ўқилади

Соғлиқни сақлаш ва халқ таълими ходимлари гриппга қарши эмланади – штаб аъзоси

Фото: ТАСС

Ўзбекистонда тиббиёт, мактабгача таълим муассасалари ва умумтаълим мактаблари ходимлари коронавирус билан бир қаторда гриппга қарши вакцина билан ҳам эмланади. Бу ҳақда Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Ботир Қурбонов АОКАда ўтказилган брифингда маълум қилди.

Ботир Қурбоновнинг айтишича, 3 та контингент: тиббиёт, мактабгача таълим муассасалари ва умумтаълим мактаблари ходимларини гриппга қарши эмлаш учун вакциналар келтирилган.

“Республикамизга коронавирусга қарши вакцинадан ташқари гриппга қарши 1 млн 600 минг донадан ортиқ вакцина олиб келиниши режалаштирилган эди, бугун шундан бир қисми қабул қилиниб, республика ҳудудларига тарқатилди. Бунда 3 та контингент: тиббиёт, мактабгача таълим муассасалари ва умумтаълим мактаблари ходимларини эмлаш кўзда тутилган.

Коронавирусга қарши вакцина билан бирга грипп вакцинасини олиш мамлакатимизда ўткир юқумли инфекциялар тарқалиши, шу жумладан, грипп касаллигининг олдини олишда ҳам хизмат қилади” деди Қурбонов.

Штаб аъзосининг таъкидлашича, эмланган ёки эмланмаганлигидан қатъи назар, барча фуқаролардан тиббий ниқобсиз юрмаслик сўралади. Маълум бўлишича, юртимизга Швейцариядан 1 млн 100 мингдан ортиқ тиббий ниқоб келтирилди.

Гулмира Тошниёзова
Тайёрлаган Гулмира Тошниёзова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид