Гарчи 2001 йилда кескин пасайиш кузатилган бўлса-да, «Толибон» назорати остидаги ҳудудларда афюн етиштириш сўнгги йилларда кўпайган.
Афғонистонда афюн ишлаб чиқариш қандай аҳволда?
Афюн қайта ишланса, у кучли қарамликка сабаб бўлувчи гиёҳванд моддаларга айланади.
БМТнинг Гиёҳвандлик ва жиноятчилик бошқармаси (UNODC) маълумотларига кўра, Афғонистон афюн етиштириш бўйича дунёда биринчи ўринда туради - ушбу мамлакат улуши 80 фоиздан ортиқ.
UNODC ҳисоб-китобларига кўра, 2018 йилда Афғонистон иқтисодиётида афюн ишлаб чиқариш улуши қарийб 11 фоизни ташкил қилган.

«Толибон» нима дейди?
«Биз илгари бошқарувда бўлганимизда гиёҳванд моддалар ишлаб чиқариш йўқ эди. Биз афюн етиштиришни яна нолга камайтирамиз», дейди пойтахт Кобулни эгаллаб, мамлакатни ўз қўлига олган «Толибон»нинг матбуот котиби Забиҳуллоҳ Мужоҳид.
Мужоҳид улар гиёҳванд моддалар контрабандасининг ҳам олдини олишларини даъво қилган.
«Толибон» даврида афюн етиштириш қандай бўлди?
АҚШ Давлат департаменти маълумотларига кўра, 1990-йилларда «Толибон» ҳокимиятга келганидан кейин афюн етиштириш сезиларли даражада ортган. Масалан, 1998 йил 41 минг гектарга яқин майдонда ҳосил йиғилган бўлса, 2000 йилда бу кўрсаткич 64 мингдан ошди.
Ҳилманд вилояти гиёҳванд моддалар етиштиришга ихтисослаштирилган бўлиб, бу ҳудудда дунёдаги ноқонуний афюннинг 39 фоизи тайёрланган.
Бироқ 2000 йил июлида «Толибон» ўз назорати остидаги ҳудудларда афюн етиштиришни тақиқлаб қўяди.
Шу тариқа, БМТнинг 2001 йил май ойида эълон қилган ҳисоботида тақиқ бу ҳудудларда «деярли тўлиқ муваффақиятли амалга оширилгани» қайд этилади.
«Толибон» тақиқидан сўнг, 2001 ва 2002 йилларда дунёда мусодара қилинган афюн ва героин миқдори сезиларли даражада камаяди.



















