Ўзбекистон | 21:14 / 27.08.2021
18729
3 дақиқада ўқилади

«RASH-MILK»: 18 йилдан буён тилдан тушмаётган йирик корхона

Ўзбекистонда муваффақиятли бизнес юритаётган корхоналар билан таништиришда давом этамиз. Бу гал Андижонда фаолият юритувчиz, сут маҳсулотлари ишлаб чиқариши билан танилган «RASH-MILK» жамияти билан таништирамиз.

Корхона ишлаб чиқаришнинг бошқа соҳаларида ҳам катта лойиҳаларни амалга ошириб келмоқда. 25 август куни Хўжаобод туманида йилига 1,2 миллион тонна маҳсулот ишлаб чиқариш қувватига эга цемент заводини ишга туширди. Лойиҳа қиймати 100 миллион АҚШ долларига тенг. 40 гектар майдонни эгаллаган ушбу завод хитойлик мутахассислар томонидан бир ярим йилда қуриб битказилди.

Корхона очилиши муносабати билан «RASH-MILK»нинг Асака тумани Ахтачи ҳудудидаги экологик муаммоларни келтириб чиқараётган заводи фаолиятини тўхтатади. 800 нафар маҳаллий аҳолини иш билан таъминлаган янги завод замонавий технологиялар билан жиҳозланган бўлиб, атроф-муҳитга салбий таъсир ўтказмайди.

«Цемент заводини тез фурсатларда битказилишида ҳамкорларимиз Хитойнинг «Синома» компанияси катта ҳисса қўшди. Ўтган йили қурилиш ишлари бошлангач, пандемия таъсирида хитойлик мутахассисларнинг Ўзбекистонга учиб келишида муаммолар бўлганди. Вилоят раҳбарларининг саъй-ҳаракатлари билан йўллар очилди ва объект белгиланган вақтда фойдаланишга топширилди. Ҳозирча заводимизнинг ишлаб чиқариш қуввати 1,2 миллион тонна. Навбатдаги лойиҳани ишга туширсак, йиллик ишаб чиқариш ҳажми 3 миллион тоннага етади», дейди «RASH-MILK» корхонаси раҳбари Аҳлиддин Зокиров.

Ўзбекистонда мазкур корхона маҳсулотлари кириб бормаган хонадон кам бўлса керак. Табиий тоза сутдан тайёрланган, сифатли ва мазали «RASH-MILK» бренди остидаги маҳсулотлар истеъмолчилар орасида машҳур.

«RASH-MILK» корхонасида қорамолларни парваришлаш, сут хомашёсини олишдан тортиб, ундан тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришгача бўлган барча босқични ўзида мужассам этган кластер усули жорий этилган.

«RASH-MILK»нинг Андижон вилояти Бўстон туманида фаолият юритаётган сут маҳсулотлари корхонасида ҳам бўлдик.

«Корхонамиз сут маҳсулотлари ишлаб чиқаришни 2003 йилда бошлаган. Ўша пайтда фақат қуруқ сут ишлаб чиқарганмиз. Ҳозир эса 60 турдаги маҳсулотларимиз бор. Республикамизда бизнинг маҳсулот кириб бормаган хонадон бўлмаса керак. «RASH-MILK» ўз бренди остидаги сут маҳсулотларининг табиийлигига алоҳида эътибор қаратади. Кластер усулини жорий қилганмиз. Жамият қошида наслли чорвачилик хўжалиги ташкил этилган бўлиб, унда Германиядан келтирилган зотдор қорамоллар замонавий технологиялар асосида парваришланмоқда.

Озуқа етиштириш учун етарли даражада ер майдонимиз бор. «RASH-MILK» ўз хўжалигида етиштирилаётган сут хомашёсини қайта ишлаб, тайёр маҳсулот ҳолатига келтиряпти. Ҳозирги пайтда сут корхонамизнинг ўзида 300 нафар ишчи фаолият олиб боради. Ишлаб чиқаришда хорижнинг сўнгги технологияларидан фойдаланиб келамиз», дейди корхона иш юритувчиси Мансурбек Рашидов.

Бир сўз билан айтганда, замондан ортда қолмаётгани ва маҳсулотлари сифатини туширмаётгани учун «RASH-MILK» ҳамон тилдан тушмаяпти. Ўзбекистонда бундай корхоналар кўпайишини тилаб қоламиз.

Элмурод Эрматов, Kun.uz мухбири.

Тасвирчи ва монтаж устаси – Азизбек Исмоилов.

Реклама ҳуқуқи асосида

Мавзуга оид