20:23 / 29.08.2021
42149

Кобулда яна портлаш рўй берди, ракета АҚШ ҳарбийлари томонидан учирилган

Афғонистон пойтахтида кучли портлаш юз берди. Бунга ракета зарбаси сабаб бўлди.

29 август куни кундузи Кобул аэропорти жойлашган туманда кучли портлаш рўй берди. Ижтимоий тармоқларда портлаш оқибатлари акс этган видеоёзувлар тарқалди: уйлар устида қуюқ тутун кўтарилганини кўриш мумкин. Афғонистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги вакили BBC News учун берган интервьюсида аэропорт ҳудудида портлаш рўй берганини тасдиқлаган.

РИА Новости манбаси портлаш ракета зарбаси оқибатида рўй берганини маълум қилган. BBC News суҳбатдоши ракета турар жойлари ҳудудида портлаш рўй берган. Ракета бир уйга жиддий шикаст етказган ва икки автомобилни йўқ қилган. Afghanistan times маълумотига кўра, портлаш оқибатида 7 киши ҳалок бўлган, шундан 4 нафари болалар.

Пентагон америкалик ҳарбийлар Кобулда ракета зарбаси йўллаганини тасдиқлади. Дрон томонидан учирилган ракета «ИШИД Хуросон» гуруҳи аъзоси бўлган худкуш ўтирган автомобилни нишонга олган.

АҚШ томони маълумотига кўра, бу террорчи Кобул аэропорти томон кетаётган бўлган, у бу ерда навбатдаги терактни амалга оширмоқчи бўлган.

«Бизнинг ишончимиз комилки, ракета нишонга олинган мўлжалга бориб тегди», деган АҚШ Қуролли кучлари вакили Американинг CBS телеканалига берган интервьюсида.

«Дастлабки маълумотларга кўра, тинч аҳоли орасида қурбонлар бўлмаган. Такрорий портлашлар шуни кўрсатмоқдаки, автомобилда етарлича кўп миқдорда портловчи моддалар бўлган», дея қўшимча қилган у.

«Толибон» вакили ҳам AP учун берган интервьюсида АҚШ томони худкуш террорчининг автомобилига зарба берганини тасдиқлаган.

  • 26 август куни Кобул аэропорти яқинида бир нечта портлашлар содир этилди. Ҳужум оқибатида 200га яқин одам, жумладан 13 америкалик ҳарбий ҳалок бўлди. Шунингдек, 1,3 мингга яқин одам жароҳатланди.
Мавзу
АҚШнинг Афғонистондан кетиши
АҚШ Афғонистонда 20 йил давом этган ҳарбий кампаниясини тамомламоқда. Толиблар эса мамлакат ҳудудларини бирин-кетин эгаллаб олмоқда.
Барчаси
Top