Тошкентдаги маҳаллий аэропорт фаолияти тикланмоқда
19 август куни Афғонистондан амалга оширилган эвакуация рейсларига хизмат кўрсатиш учун ёпилган Тошкент-3 аэропорти 31 августдан ўз фаолиятини тикламоқда.
Маҳаллий авиақатновларни амалга оширувчи аэропорт (Тошкент-3 терминали) 31 августдан ўз фаолиятини тиклайди. Бу ҳақда Uzbekistan Airways компанияси матбуот хизмати хабар берди.
«31 августдан бошлаб «Тошкент-3» аэропорти ўз фаолиятини бошлайди ва республика бўйлаб амалга оширилувчи барча авиапарвозлар ушбу аэропортдан жадвалга кўра амалга оширилади.
Йўловчилардан маҳаллий авиақатновлар билан боғлиқ саволларни авиакомпания алоқа-марказидан, аэропорт маълумот олиш марказидан ва Uzbekistan Airways ижтимоий тармоқларидан аниқлаштиришларини сўраймиз», — дейилади Uzbekistan Airways хабарида.
Терминал 19 августдан бошлаб Афғонистон пойтахти Кобулдан эвакуация қилинаётган чет эл фуқароларини қабул қилиш учун вақтинчалик ёпилган эди.
Шу вақт оралиғида барча маҳаллий рейслар Тошкент халқаро аэропорти орқали амалга оширилди.
Шу кунларда АҚШ ва Ғарб давлатлари Кобулдан ўз фуқаролари ва афғонларни эвакуация қилишни тўхтатмоқда. Хусусан, 27 август куни Германия Кобулдаги афғон фуқароларини Тошкент орқали эвакуация қилишни тўхтатди.