Жамият | 10:12 / 30.08.2021
1776
2 дақиқада ўқилади

Деновда ИИБ ходимлари фуқароларни сабабсиз олиб кетгани айтилди. Вилоят ИИБ ЙҲХБ ҳолатга изоҳ берди

Жорий йил 29 август куни ижтимоий тармоқларда Сурхондарё вилояти Денов туманида ички ишлар ходимлари фуқароларни ҳеч бир сабабсиз олиб кетаётгани айтилган видеолавҳа тарқалди. Вилоят ИИБ ЙҲХБ ҳолат бўйича Kun.uz’га маълумот берди.

Фото: KUN.UZ

Маълум қилинишича, 2021 йил 29 август куни соат 10:30ларда, Денов тумани Заҳириддин Муҳаммад Бобур маҳалласи ҳудудидаги Мустақиллик кўчасида жамоат тартибини сақлаш учун хизматга жалб қилинган Денов туман ИИБ 2-сон ХПГ профилактика инспектори З.Бакиров фуқаролардан бири давлат рақами 75 F 484 FA бўлган «Лада» машинасини пиёдалар йўлакчаси устига қўйганини аниқлаган.

Профилактика инспектори кейинчалик суриштирув давомида ўзини Зафар Каримов деб таништирган фуқарога машинасини пиёдалар ўтиш йўлагидан бошқа жойга олишини айтган. Фуқаро эса транспорт воситасини пиёдалар йўлагидан олмаган ва инспекторга фаол қаршилик кўрсатган. Унинг қонуний талабларини бажармасдан, шу ерда турган фуқароларни ўзига жалб қилиб жанжал кўтарган.

Қайд этилишича, профилактика инспекторининг қонуний талабларини бажармагандан сўнг фуқаро З.Каримов атрофдаги одамларни ўзига қаратиб ИИБ ходимини обрўсизлантиришга уринган. Шундан сўнг шу яқин атрофда хизмат вазифасини олиб бораётган профилактика инспектори катта лейтенант Ш.Тўраев ҳам ҳодиса юз бераётган жойга келган ва фуқаро З.Каримовга жамоат жойида фуқароларни ўзига қаратмаслигини, ички ишлар бўлимига бориб ўша ерда гаплашишини айтган.

Фуқаро ИИБ ходимларига фаол қаршилик кўрсатиб ҳеч қаерга бормасликни айтган. ХПБ ходимлари ушбу фуқарони ИИБга олиб келиш мақсадида машинага миндирмоқчи бўлганда кейинчалик ўзини Абдулазиз Чориев ва Фаррух Ибрагимов деб таништирган фуқаролар ҳам З.Каримовнинг ёнида туриб ИИБ ходимлари уни бўлимга олиб боришига фаол қаршилик кўрсатган.

Таъкидланишича, қўшимча кучлар ёрдамида фуқаролар З.Каримов, А.Чориев ва Ф.Ибрагимов туман ИИБ биносига олиб келиниб, уларга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 1281,194,195-моддалари билан тегишли тартибда маъмурий баённома расмийлаштирилган.

Мавзуга оид