“4 йил олдин пахта сотар эдик, энди сотиб оляпмиз” — Шуҳратбек Абдураҳмонов Андижондаги янги объектларни очиб берди
Мустақиллик байрами арафасида Андижон вилоятида 150 дан зиёд янги корхоналарнинг очилиш маросимлари бўлиб ўтди. Расмийларга кўра, уларда 15 мингта иш ўринлари яратилган.
Шунингдек, қатор ижтимоий соҳа объектлари – мактаб ва маҳалла гузарлари ҳам фойдаланишга топширилди, чин етим ёшларга президент фармонига асосан уйлар берилди.
Вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов очилиш маросимларида иштирок этди.
Қайд этилишича, Асака тумани Юксалиш маҳалласида “Силк Ворм” трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш корхонаси ишга тушиб, 300 нафар маҳаллий аҳоли иш билан таъминланди.
Марҳамат тумани Алитепа қишлоғида тадбиркор Қобилжон Обидов ойна маҳсулотларини ишлаб чиқариш корхонаси иш бошлади. Шу куни Бирлик маҳалласида янги гузар фаолиятини бошлаб, Марҳамат тумани марказида кўнгилочар туристик масканнинг очилиш маросими бўлди. Гулистон маҳалласида яшовчи 150 нафар қиз-аёллар “Раййона текстил”дан ўз иш ўрнини топди.
Таъкидланишича, Андижон туманида “Водий саноат фахри” мато бўяш ҳамда трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш корхонаси очилиб, 100 нафар аҳолига иш ўрни яратилди. Олтинкўл туманида “Водий олтин куз” кир ювиш машиналарини ишлаб чиқаришни бошлади.
Хўжаобод туманида 14 нафар етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган ёшларга уй-жойлар берилди. Нурзамин маҳалласида 150 иш ўрнига эга Файз-М корхонаси фаолият юритишга киришди.
Жалақудуқ туманининг Сўфиқишлоғида энг кўп ишчи қабул қилган “Зумрад текстил” корхонасининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Бу корхона минг нафар маҳаллий аҳолини ишлик қилди.
Вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов Kun.uz мухбири билан суҳбатда мазкур янгиликлар хусусида гапириб ўтди.
“Андижонда шундай анъана бор. Байрамлар арафасида катта-катта объектлар қуриб халқимизга туҳфа қилинади. Уч кундан бери Андижонда 150 дан ортиқ катта-кичик корхоналарни халқимизга байрам туҳфаси қилиб топширяпмиз.
Бугун очиқ-ойдин айтишга ҳаққим ҳам бор – Андижонда текстил соҳаси жуда жадал ривожланмоқда. Андижон 4 йил аввал фақат пахта сотарди. Пахтани, чигитни ажратиб, фақат тола сотарди. Энди ишлаб чиқариш учун бошқа вилоятлардан пахта толаси сотиб оляпти.
Тўрт йил ичида ўзимиз етиштираётган пахтани 170 фоиз калава ип қилишга имконият яратилди. 120 фоиз мато қилиш имконияти яратилди. 90 фоиз бўёқ фабрикаларимиз ишга тушди. Энди энг асосий урғуни тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришга қаратяпмиз.
Ҳозир мана “Зумрад текстил” корхонасининг очилиш маросимида қатнашдик. Бу ерда 1000 нафар жалақудуқлик аёлларимиз, қизларимиз, опа-сингилларимиз бугун ишли бўлди.
Олдимизда турган энг катта вазифа – Андижонда тадбиркор бўламан деган, тадбиркорлик қилаётган ҳар бир инсон билан гаплашиб, уларга имконият, шароит яратиб бериш.
Андижонда қурилиш соҳасига ҳам жуда катта эътибор беряпмиз. Булоқбоши туманида мармар ишлаб чиқариш, Хўжаобод туманида йилига 1 млн 200 минг тонна энг юқори маркали цемент ишлаб чиқарадиган заводни очдик. Унда ҳам 400 фуқаро иш билан таъминланди. Оддий ишчи 4 млн сўм ойлик оладиган шароит яратилди.
Учинчи йўналиш – ижтимоий соҳада, яъни мактаблар, боғчалар, нодавлат боғчалар, нодавлат мактаблар ва соғлиқни сақлаш объектларини ҳам йил бошида бошлаганларимизни мана шу байрам арафасида топширяпмиз.
Яқиндагина ҳурматли президентимиз чин етим фарзандларимизга бепул уй-жой қилиб бериш бўйича фармон қабул қилган эди, мана бугун Андижонда 33 та мана шунақа болаларимизни аниқладик. Бугун шуларнинг 10 тасини, мана шу қисқа давр ичида янги бепул уй-жойлар билан таъминладик, ичидаги жиҳозлари билан.
Насиб қилса, октябрга 33 та болаларимизнинг ҳаммасини мебел жиҳозлари билан янги уйларга олиб кирамиз.
Мен айтмоқчи бўлаётган нарса, албатта инсон, раҳбар ишлаганидан кейин ўз олдига мақсад, ният қўйиши керак. Андижонда бугун урф-одат бўлиб қолган, мана шундай байрам арафаларида катта-катта объектларни ишга тушириб, халқимизнинг ҳаётдан рози бўлишини таъминлаш.
Мана,байрам арафасида турибмиз. Мустақиллик байрамимизнинг 30 йиллиги. Бу – энг улуғ, энг азиз байрам, ҳар қайси фуқаро Ватанни, ўзининг Ватани мустақиллигини асраб-авайлаши, Ватанда ўзининг ватани борлигини сезиши керак, деб ўйлайман. Бу байрам бутун халқимизники, шу боис яқинлашиб келаётган байрам билан бутун Ўзбекистон халқини андижонликлар номидан, ўзимни номимдан чин юрагимдан табриклайман”, – дейди Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов.
Элмурод Эрматов,
Азизбек Исмоилов Ⓣ
Мавзуга оид
22:45 / 19.11.2024
Маданий мерос агентлиги Андижондаги Бобур ҳайкалини кўчириш бўйича тарқалган хабарларга муносабат билдирди
10:40 / 19.11.2024
Андижонда Бобур ҳайкалини кўчириб, ўрнига савдо мажмуаси, кўнгилочар марказлар қуриш режалаштирилмоқда
21:10 / 18.11.2024
Андижонда 1800 гектар ернинг тоифаси ўзгартирилиб, ишлаб чиқариш мажмуалари қурилади
11:09 / 08.11.2024