Спорт | 01:03 / 31.08.2021
21929
4 дақиқада ўқилади

Катанец ҳимоявий футболга ишора қилмоқда. Ҳимоячилар бунга нима дейди?

Ўзбекистон миллий жамоаси ФИФА кунлари доирасида Тошкентдаги йиғинни давом эттирмоқда. Сречко Катанец бошчилигидаги жамоага бугундан «Насаф»чилар Акмал Мозговой, Ойбек Бозоров, Дилшод Саидов ва Ҳусниддин Алиқулов келиб қўшилди. Жалолиддин Машарипов шахсий сабабларга кўра бугунги машғулотларда иштирок эта олмагани маълум қилинди.

Россия чемпионатига кўчиб ўтган Иброҳимхалил Йўлдошев миллий жамоа йиғини ва «Нижний Новгород»даги дебюти ҳақида гапириб берди.

«Элдор Шомуродовнинг тавсияси билан Россия чемпионатига ўтдим. Элдор ака менга аввал РПЛда фаолиятимни бошлаб, кейин Европага ўтсам, мослашиш осон кечишини айтди. Бундан ташқари, мураббийнинг ўзи (Александр Кержаков) «Нижний Новгород»га чақирди. Шартнома имзолашдан аввал видео орқали суҳбатлашдик ва у менга ишонишини айтганди.

Янги жамоада ҳали икки кунгина машғулот ўтказдим-да, учинчи куниёқ асосий таркибда майдонга тушдим. «Пахтакор»да ўйин амалиётига эга бўлмадим. Мураббий (Питер Ҳюистра) кетишим сабабли мени кўп майдонга туширмади. РПЛдаги илк ўйинимда 69 дақиқа ҳаракат қилдим ва узоқ вақт футбол ўйнамаганим сезилди.

Бундан ташқари, ҳаяжон ҳам бор эди. Барибир Россия чемпионати даражаси Ўзбекистонникидан фарқ қилади. У ерда тез ўйлаш керак. Худо хоҳласа, тез орада ўйин амалиётига эга бўлиб, жамоага киришиб кетаман, деб ўйлайман.

Катанец талабчан мураббий экан. Бошида ҳамма футболчиларни йиғиб, ўз талабларини айтди. Европа мураббийи ўзимизнинг мутахассислардан фарқ қилиши табиий. У ҳар бир деталга жиддий эътибор қаратар экан», деди Йўлдошев.

Марказий ҳимоячи Достон Турсунов ҳимоявий футбол кўрсатадиган Катанец ҳақида фикр билдирар экан футболда ҳимояланишнинг ўрни катта эканини айтди.

«Хитой чемпионатига мослашиш қийинроқ бўлди. Чунки, у ерда кучли легионерлар тўп тепади. Худога шукр, ҳаммаси ўз жойига тушиб кетди. Биринчи даврани тугатиб олдик. Иккинчи давра ноябр ва декабр оралиғида бошланади.

Ҳозир ҳам кучли чемпионатларга ўтиш имкониятим бор деб ўйлайман. Ўзимни кўрсата олсам, кучлироқ клубларга ўтишим мумкин. Балки, кейинги йил Европада ҳаракат қиларман.

Янги мураббий талабчан ва жиддий. Ўз талабларини қўйиб бормоқда. Секин-аста ўрганиб боряпмиз. Шу руҳда давом этсак, яхши бўлади, деб ўйлайман. Ҳамма жойда мухлислар ҳужумкор футбол талаб қилади. Ҳа, ҳужумкор ўйнаш керак, лекин доим ақлни ишлатиб ҳаракат қилиш лозим. Мураббий барча жиҳатларни ҳисобга олиб иш олиб боряпти. Худо хоҳласа, яхши натижаларга эришишимизга ишонаман», деди ҳимоячи Достон Турсунов.

Маълумот учун, Ўзбекистон миллий жамоаси ушбу йиғин доирасида 5 сентябр куни Швеция миллий жамоасига қарши баҳс олиб боради. Ўйин Стокхольмдаги «Фрэндс Арена» стадионида бўлиб ўтади.

Абдулвосид Валихонов ва Азимжон Воҳидов тайёрлади

Мавзуга оид