Жамият | 16:02 / 03.09.2021
5646
2 дақиқада ўқилади

Қашқадарёда вояга етмаган қизни зўрлаганликда гумонланган шахсга жиноят иши қўзғатилди

Ижтимоий тармоқларда Қашқадарё вилояти Қамаши туманида вояга етмаган қиз зўрлангани ҳақида видео тарқалган. Вилоят ИИБ ахборот хизматининг хабар беришича, мазкур ишда гумонланувчи шахсга жиноят иши қўзғатилган.

Маълум қилинишича, Қамаши тумани «Қовчин» МФЙда яшовчи фуқаро С.Э. 2021 йил 29 август куни туман ИИБ бошлиғи номига ариза билан мурожаат қилган. Унинг аризаси навбатчилик қисмида белгиланган тартибда рўйхатга олиниб, туман ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилган.

Қайд этилишича, олиб борилган терговга қадар текширув жараёнида фуқаро Ш.К.нинг ҳаракатларида Жиноят кодексининг 277-моддаси 1-қисми ва яна бошқа моддаларида назарда тутилган жиноят аломатлари аниқланган. Шу сабабли мазкур ҳолат юзасидан фуқаро Ш.К.га нисбатан Қамаши туман ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг бир қатор моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.

Таъкидланишича, жиноят ишида гумон қилинувчи Ш.К. Жиноят процессуал кодекснинг 221-моддаси тартибида ушланган. Ҳозирда ушбу жиноят иши юзасидан Қамаши туман ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ғайрат Йўлдошев
Тайёрлаган Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид