Ўзбекистон | 17:35 / 04.09.2021
37657
4 дақиқада ўқилади

Одам ўғирлаш, рэкет, босқинчилик ва ички ишлар идораларига ишончсизлик — Зокиржон Алматов мустақилликнинг илк йиллари ҳақида

ИИВ ахборот хизмати “30 йил — Ватан осойишталиги йўлида” номли фильмни эълон қилди. Унда, хусусан, ички ишлар вазири маслаҳатчиси Зокиржон Алматов мустақилликнинг дастлабки йилларини хотирлаган.

Мустақилликнинг илк йилларида жуда оғир вазиятларга тушган пайтларимизни ҳам эслаймиз. Ана шундай оғир вазиятлардан қандай қилиб чиққанимизни ҳам эслатиб ўтмоқчиман.

Ўша пайтлар халқимизнинг суд-ҳуқуқ тизимига, ички ишлар идораларига ишончсизлиги, қўрқув мамлакатимизда жиноятчилик кенг илдиз отиб кетишига сабаб бўлди. Уюшган жиноятчилик авжига чиқди. Бир кунда 40-50 тагача босқинчилик, талончилик ҳолатлари бўлган. Одам ўғирлаш, рэкет масалалари энг катта муаммоларимиздан бири эди. Ички ишлар идораларига ҳам ишончсизлик жуда юқори бўлган.

Маълум бир тайёргарликдан кейин 1992 йил I чорагининг ўзида уюшган жиноятчиликка қарши қақшатқич зарбалар берилди. Рэкет деган нарсалар тугатилди. Жиноят оламининг обрўли шахслари жавобгарликка тортилди. Жиноят йўлидан қайтганларга амнистия эълон қилиниб, уларга ишлаш, яшаши учун шарт-шароитлар яратиб берилди.

Шу билан бирга, ўша кезлар мамлакатимизда озиқ-овқат танқислиги юзага кела бошлади. Мустақиллигимизнинг илк йилларида ўн кунга етар-етмас озиқ овқат, яъни ун, буғдой қолганди. Чет давлатлардан зудлик билан буғдой ва ун маҳсулотларини олиб келиб, мамлакатимиз захираларини тўлдиришга ҳаракат қилганмиз. Ана шу вазифани сидқидилдан бажардик деб ишонч билан айтсам бўлади.

70 йил мобайнида совет иттифоқининг таркибида бўлиб, Аллоҳни қалбимиздан чиқаришга бўлган хатти-ҳаракатлар бекор эканини англаб етдик. Аллоҳга бўлган эътиқод халқимизнинг қалбида жуда чуқур илдиз отганининг шунда гувоҳи бўлганман.

Моддий таъминотдаги муаммолар

Фильмда таъкидланишича, истиқлолнинг илк йилларида ички ишлар органлари ходимларининг ўз хизмат вазифаларини бажаришлари учун зарур бўлган қурол-аслаҳа, кийим-кечак, моддий техника таъминоти бўйича кўплаб етишмовчиликлар мавжуд бўлган.

ИИВ фахрийлар кенгаши раиси Эркин Норгитов бу ҳақда шундай дейди.

— 90-йилларда вазир ўринбосари бўлганман. Молия, кийим-кечак ва шахсий таркибнинг моддий таъминоти менга юклатилганди. Ўша пайтдаги қийинчиликларга қарамасдан Москва билан алоқа қилиб бизга тегишли бўлган нарсаларни ундириб олиб келишга муваффақ бўлганмиз. Тўғрисини айтиш керак, техника таъминоти бўйича камчиликларимиз жуда кўп эди. Ҳаттоки совет даврида ҳам. Хизмат фаолиятимиз учун сув ва ҳаводай зарур бўлган техникалар етишмасди. Мана, масалан, битта мисол, шахсий таркиб ва бошқа хизматларга кундалик фойдаланиш учун бериладиган техник қурилмаларимиз, оддий алоқа воситалари ҳам йўқ эди. Лекин шунга қарамасдан шахсий таркиб кечаси-ю кундузи иш олиб борган.

1992 йил Жанубий Кореяга шахсан ўзим делегация билан бориб, кичик рациялар олиб келганмиз. Германияга бориб жиноят-қидирув фаолиятида ишлатиладиган техникаларни ишлаб чиқариш билан шуғулланадиган завод билан гаплашиб, республикадан керакли маблағни олиб, зарур нарсаларни олиб келганман. Ана шундан кейин ишимиз албатта юришди. Бугунги кунда ҳамма нарса бор бизда.

Мавзуга оид