Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Толиблар Панжшер эгалланганини маълум қилди, Аҳмад Масъуд афғонларни исёнга чорлади
«Толибон» ҳаракати расмийси Забиҳулло Мужоҳид душанба куни Панжшер водийсидаги ҳукумат кучлари қаршилиги бостирилгани ва ҳудуд тинч аҳоли орасидаги қурбонларсиз толиблар назоратига ўтгани ҳақида маълум қилди.
Дам олиш кунларида Панжшерда толиблар ва Афғонистон миллий қаршилик фронти кучлари ўртасида шиддатли жанглар бўлиб ўтган.
Ижтимоий тармоқларда толиблар вилоят губернатори қароргоҳи олдида тушган сурат тарқалди. Шунингдек, маъмурият биносида толибларнинг байроғи кўтарилган.
«Бу ғалаба туфайли ниҳоят мамлакатда урушга якун ясалди. Халқимиз тинчлик ва эркинликда бахтиёр яшайди», деган Мужоҳид.

Унинг сўзларига кўра, қаршилик ҳаракати жангчиларининг бир қисми ўлдирилган, бир қисми тоғларга қочиб кетган. Толиблар аксар қисми этник тожиклар бўлган Панжшер аҳолиси дискриминация қилинмаслигига ваъда берган. Шунингдек, улар панжшерликлар 1990-йилларда толибларга қарши кураш олиб борганига ҳам кўз юмилишини билдиришган.
«Улар бизнинг биродарларимиз ва биз биргаликда мамлакатимиз келажагини қурамиз, деган «Толибон» вакили.
Аммо Миллий фронт толибларнинг Панжшердаги ғалаба ҳақидаги баёнотни рад этмоқда.
Фронтнинг халқаро алоқалар бўйича бўлими раҳбари Али Майсам Назарий фейсбукдаги саҳифаси орқали толибларнинг баёноти ҳақиқатга тўғри келмаслиги ва қаршилик кучлари ҳамон водийдаги муҳим стратегик позицияларни сақлаб қолаётганини билдирган
Қаршилик ҳаракати етакчиси Аҳмад Масъуд эса панжшерликларга мурожаат қилиб, барча афғонларни толибларга қарши миллий кураш учун кўтарилишга чақирган. У ўз аудиомурожаатида толиблар ҳеч қанақасига ўзгармагани, аксинча янада радикаллашгани ҳақида айтиб ўтган.
Масъуд сўнгги кундаги ҳарбий ҳаракатлар чоғида ўз оиласи аъзолари ҳам ҳалок бўлганини айтиб, жаҳон давлатларини Афғонистондаги воқеаларга томошабин бўлиб турмасликка, сиёсатчиларни йўл қўйилган хатоларни тузатишга чақирган ва қаршилик ҳаракати ғалабага қадар давом этишини маълум қилган.
Толиблар уларнинг ҳокимиятига қарши ҳар қандай ҳаракат қатъий бостирилишидан огоҳлантиришган.
«Ислом Амирлиги исёнчиларга муросасиз. Бош кўтаришга уринганларнинг барчаси билан ҳисоб-китоб қилинади. Биз яна бир қаршилик ўчоғи пайдо бўлишига йўл қўймаймиз», деди Забиҳулло Мужоҳид душанба куни Кобулдаги матбуот анжуманида.
Панжшердаги вазиятга Покистон аралашди
Толиблар август ойи охири, сентябрь ойи бошида Панжшердаги қаршилик кучларини узил-кесил таслим этиш учун кенг кўламли ҳарбий амалиёт бошлади (уларнинг ўтган ойдаги дастлабки уринишлари муваффақиятсиз чиқиб, масалани музокаралар орқали ҳал қилишга қарор қилинганди).
Толиблар водийга бир неча йўналишда ҳужум қилишди, аммо қаршилик кучлари уларнинг барча ҳужумларини муваффақият билан қайтаришди. Айрим ҳолларда панжшердагилар водий ташқарисига чиқиб, ҳарбий ҳаракатларни давом эттирди, бу тўқнашувлар вақтида толибларнинг юзлаб жангарилари ҳалок бўлгани айтилди.
4 сентябрь куни Покистон муассасалараро разведка бошқармаси (ISI) раҳбари, генерал-лейтенант Файз Ҳамид Кобулга келди. У бу ерда ҳаракат вакиллари, шунингдек, Афғонистон собиқ бош вазири, ислом партияси етакчиси Гулбиддин Ҳикматёр ва собиқ молия вазири билан ҳам учрашувлар ўтказди. У ҳозир ҳам Кобулда бўлиб турибди.

Шу куни Миллий фронт матбуот котиби Фаҳим Даштий Файз Ҳамид Афғонистонга икки мақсад билан - Абдулғани Биродар ва Сирожиддин Ҳаққоний ўртасида юзага келган келишмовчиликни ҳал қилиш ҳамда Панжшерни ололмаётган толибларга ҳарбий ёрдам кўрсатиш мақсадида келганини айтди.
Кўп ўтмай панжшерликлар фақат толибларга қарши эмас, Покистон махсус хизматларига ҳам қарши урушишга мажбур бўлаётгани, уларнинг позициялари сунъий йўлдош орқали аниқланаётгани ва аниқ зарбалар берилаётгани ҳақида маълум қилишди.
6 сентябрга ўтар кечаси ҳал қилувчи жанглар бўлиб ўтди. Қаршилик ҳаракатининг кўзга кўринган вакиллари шу куни ҳалок бўлишди, жумладан, фронт матбуот котиби Фаҳим Даштий Роха тумани ҳудудида Гулбиддин Ҳикматёр партияси аъзоси бўлган генерал Жарата қўшинига қарши жанг вақтида ўлдирилган. Шунингдек, шу оқшом амалга оширилган ҳужумлар вақтида қўмондонлар Гул Ҳайдар Хон, Муниб Амирий ва Абдулвадуд Зара ҳам ҳалок бўлишган.
Панжшерликлар фақат толибларга қарши эмас, Покистон махсус хизматларига ҳам қарши урушишга мажбур бўлишаётганини айтишди. Турли манбалар шу куни Покистон авиацияси ҳарбий ҳаракатларга қўшилиб, дронлар орқали қўмондонлар жойлашган нуқталарга зарбалар йўллангани ҳақида ёзишди.
Afghanistan International маълумотига кўра, Покистон армиясининг махсус топшириқли бўлинмаси Саланг перевалига жойлаштирилган, улар шу ердан ҳудудни тўлиқ ўрганиб, фронт позицияларига аниқ авиазарбалар йўлланишини таъминлаган.
Айни вақтда ҳаракат етакчиларидан бири, Афғонистоннинг аввалги ҳукуматида вице-президент бўлган Амрилла Солиҳ Тожикистон ҳудудига йўл олгани маълум қилинган, Аҳмад Масъуд эса тоғларга чиқиб яширингани айтилган.

Али Майсам Назарий Financial Times нашрига берган интервьюсида панжшерликлар энди партизан уруши олиб боришини маълум қилди.
Ҳукумат, хавфсизлик ва иқтисодиёт
Забиҳулло Мужоҳид толиблар ҳозирча янги ҳукумат таркибини эълон қилишга тайёр эмаслигини ҳам айтиб ўтди.
У Афғонистон пойтахтида хавфсизлик борасидаги вазият туфайли ноқонуний қуролли шахслар пойтахтдан чиқариб юборилишини маълум қилган. Шунингдек, унинг сўзларига кўра, сўнгги кунларда ўғрилик ва талончиликда гумонланган 300дан ортиқ киши қўлга олинган.
У Афғонистондаги иқтисодий вазиятга ҳам тўхталиб ўтган. Унинг сўзларига кўра, «Толибон» раҳбарияти мамлакатдаги кенг кўламли муаммоларни англаб турибди, тинчлик ўрнатилиши билан вазият яхшилана бошлаши кутилмоқда.
Душанба куни толиблар ҳозирча қизларга олий таълим олишни тақиқламаётгани маълум бўлди, аммо талаба қизлар ўқишга ниқоб таққан ҳолда келиши талаб этилади. Интернетда тарқалган суратларда дарс хоналарда йигитлар ва қизлар алоҳидаланганини кўриш мумкин.

Толиблар ҳокимиятга келганча бўлган даврда афғон қизларининг кўпчилиги юз тўсилмайдиган ҳижоб кийиш билан чекланарди.
Ҳозирча мактабда қизларнинг ўқиши масаласида аниқ тартиб эълон қилинмади.
Мавзуга оид
16:06 / 01.11.2021
Афғонистон қаршилик фронти раҳбари Аҳмад Масъуд Тожикистондалиги маълум қилинди
15:21 / 06.10.2021
Панжшерда толиблар ва қаршилик кучлари ўртасида тўқнашувлар юз берди
19:00 / 11.09.2021
Толиблар Панжшердаги жангларда Покистон ҳарбийлари қатнашмаганини билдирди
19:37 / 08.09.2021