20:01 / 09.09.2021
12007

Шимолий Корея 2022 йил охиригача ХОҚда аъзоликдан маҳрум этилди

Шимолий Корея Олимпия қўмитаси 2022 йил охиригача Халқаро Олимпия қўмитасида аъзоликдан маҳрум этилди. Бунга Шимолий Кореянинг Токио Олимпиадасида иштирок этишдан бош тортгани сабаб бўлди.

Фото: Reuters

“Корея Халқ Демократик Республикаси миллий Олимпия қўмитаси Токио Олимпиадасида иштирок этмаслик ҳақидаги бир томонлама қарори сабабли 2022 йил охиригача четлатилди”, деб айтилган ХОҚ президенти Томас Бах баёнотида.

Бахнинг айтишича, ушбу қарор Шимолий Корея Олимпия қўмитаси белгиланган давр ичида молиявий кўмак олмаслигини ва санкциялар сабабли тақдим этилмай келинган кўмакдан тўлиқ маҳрум этилишини англатади. 

Шу билан бирга, ХОҚ 2022 йил февралда Пекинда ўтадиган қишки Олимпиадада иштирок этишга даъвогарлик қилаётган шимолий кореялик спортчилар бўйича алоҳида қарор қабул қилиши мумкин.

Шимолий Корея Токио Олимпиадасига ўз спортчиларини юбормаган ягона давлат бўлди. Пхеньян бу қарорни спортчилари коронавирус юқтириб олиши мумкинлиги хавотирида қабул қилган.

ХОҚ президентининг таъкидлашича, Шимолий Корея Олимпиадада иштирок этмаслик оқибатларидан ва бу Олимпия хартиясида кўзда тутилган санкциялар ва чекловларга олиб келишидан огоҳлантирилган.  

Аввалроқ Шимолий Корея телевидениеси 23 июлдан 8 августгача ўтган Токио Олимпиадаси мусобақаларини 3 ҳафталик кечикиш билан кўрсатишни бошлагани маълум қилинган.

Мавзу
Токио Олимпиадаси
Пандемия туфайли қолдирилган 2020 йилги Ёзги Олимпиада 2021 йил 23 июлида Япониянинг Токио шаҳрида расман бошланади.
Барчаси
Top