12:23 / 09.09.2021
1725

Сирдарёда дори воситаларининг ноқонуний айланмасига чек қўйилди

Сирдарё вилоятида тахминий қиймати 34,3 миллион сўмлик ҳеч қандай ҳужжатсиз ва сифати кафолатланмаган дори воситаларининг ноқонуний айланмасига чек қўйилди. Бу ҳақда вилоят божхона бошқармаси Kun.uz’га маълум қилди.

2021 йил 2 сентябрь куни Сирдарё вилояти божхона бошқармаси «Ховособод» чегара божхона пости ва Контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бўлими томонидан олдиндан олинган тезкор маълумотга асосан Тошкент вилояти Чиноз тумани ҳудудида тиббий дори воситаларининг ноқонуний айланувига қарши тезкор тадбир ўтказилди.

Тезкор тадбир давомида олдиндан тезкор кузатувга олинган, Ўзбекистон Республикаси фуқароси М.Ч. бошқарувидаги «Cobalt» Чиноз-Сирдарё йўналишида йўл четида тўхтаб турган вақтида, машина салони ва юкхонаси холислар иштирокида кўздан кечирилганда, Ҳиндистонда ишлаб чиқарилган, тасдиқловчи ҳеч қандай ҳужжатлари бўлмаган ва сифати кафолатланмаган, жами 980 қутида тахминий қиймати 34,3 миллион сўмлик Никозон-С «Цефоперазон 1.0 г и Сульбактам 0.5 г» номли тиббий дори воситалари борлиги аниқланиб, ашёвий далил сифатида олинди.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан божхона текширувлари ва суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Top