23:28 / 13.09.2021
6893

Гвинеянинг ҳокимиятдан четлатилган президенти истеъфога чиқишдан бош тортди

Фото: Twitter

Гвинеяда ҳарбийлар томонидан ҳокимиятдан четлатилган президент Альфа Конде ўз лавозимидан истеъфога чиқишни режалаштирмаяпти. Jeune Afrique нашрининг хабар беришича, у “истеъфога чиққандан кўра ўлишни афзал” деб билмоқда.

Нашрнинг таъкидлашича, Конденинг истеъфоси масаласи Ғарбий Африка давлатлари иқтисодий ҳамжамияти (ЭКОВАС) делегациясининг Гвинея пойтахти Конакрига ташрифи вақтида муҳокама қилинган. Делегация аъзолари Конде билан суҳбатлашишга муваффақ бўлишган.

“Мен истеъфога чиқиш ҳақидаги ҳужжатни имзолагандан кўра ўлганим афзал”, деб айтган уларга Конде.

Таъкидланишича, гвинеялик ҳарбийлар ва ЭКОВАС вакилларининг учрашуви натижасига кўра Конденинг истеъфоси масаласини кун тартибидан олишга қарор қилинган.

Шу билан бирга, ҳарбийлар президентни озод қилиш эвазига ундан бир қатор шартлар бажарилишини талаб қилишмоқда. Улар орасида Конденинг мамлакатдаги вазият бўйича бирон-бир баёнот бермаслиги ва мамлакатнинг сиёсий ҳаётида иштирок этмаслиги шартлари бор.

5 сентябрда Гвинеяда махсус кучларнинг нуфузли бўлинмаси ҳарбийлари томонидан давлат тўнтаруви амалга оширилди. Унинг давомида мамлакат президенти, 83 ёшли Альфа Конде ҳибсга олинган ва ҳозирда президент саройида ушлаб турилибди.

Top