Гвинеяда ҳокимият тепасига келган ҳарбийлар етакчиси Мамади Думбуя мамлакат президенти вазифасини бажарувчи сифатида қасамёд келтирди.

Маросим вақтида Думбуя ҳукумат тепасида фақат ўтиш даврида бўлишини ва бўлажак сайловларда давлат раҳбарлиги учун кураш олиб бормаслигини айтди.

Сентябр бошларида полковник Думбуя етакчилигидаги Гвинея армияси махсус кучлари 83 ёшли президент Алфа Конде ағдарилгани ва ҳукумат тарқатиб юборилганини эълон қилганди. Конденинг ўзи ҳибсга олинди.

БМТ бош котиби Антониу Гутерриш ва Европа иттифоқининг ташқи ишлар бўйича олий вакили Жозеп Боррел Гвинеядаги тўнтарувни қоралаб, ҳарбийларни Кондени озод қилишга чақирди.