Спорт | 17:15 / 02.12.2024
10344
3 дақиқада ўқилади

«Барчаси ҳакамнинг баҳсли қароридан бошланди». Гвинеядаги ўйинда ўнлаб фанатлар ҳалок бўлди

Стадионда дастлаб муштлашув юз берган, хавфсизлик ходимлари уни бостиришга уринганида тиқилинч содир бўлган.

Фото: Видеодан кадр

Гвинеянинг Нзерекоре шаҳридаги ўйинда фанатларнинг кенг кўламли муштлашуви рўй берди ва бу ўнлаб кишилар ўлимига олиб келди. Африканинг ушбу мамлакатидаги энг йирик шаҳарлардан биридаги шифохоналар ва ўликхоналар тўлиб кетган, бош вазир эса аҳолини тинчлантиришга уринмоқда.

Нималар бўлди?

Ҳодиса Нзерекоре ва Лабедаги клублар ўртасидаги ўйин чоғида рўй берган. Бош ҳакам жамоалардан бирининг футболчисига қизил карточка кўрсатган, кейин эса пеналти белгилаган. Реферининг қарорлари мухлисларга ёқмаган ва улар майдонга югуриб чиқишган: икки томон мухлислари бир-бири билан муштлашган ва тошбўрон қилишган.

«Барчаси ҳакамнинг баҳсли қароридан бошланди. Кейин фанатлар майдонга чопиб киришди», — дея гувоҳлардан иқтибос келтиради Agence France-Presse.

Полиция фанатларни тарқатиш учун кўздан ёш сиздирувчи газ қўллаган. Ултрас аъзолари стадиондан қочиб чиққан ва чиқиш жойида тиқилинч юзага келган. Кўпчилик нафас ололмай бўғилиб ёки кўчага сакраб тушишга уринганида арена деворларидан йиқилиб ҳалок бўлган.

Кейинроқ ғазабнок мухлисларнинг бир гуруҳи полиция участкасига ҳужум қилиб, уни ёқиб юборган. Бу эса шусиз ҳам оғир вазиятни оғирлаштирган. Қурбонлар сони ортган.

Ўликхона ва шифохоналар тўлиб-тошган

Мамлакат ҳукумати маълумотига кўра, ҳодиса қурбонларининг жами сони 56 кишини ташкил этган. Ҳукумат матбуот хизмати ҳозирча мутахассислар фақат шаҳардаги ўликхона ва шифохоналарга келтирилганлар ҳисобга олинган. Қурбонлар сони ортиши мумкинлиги истисно қилинмаяпти.

Шифокорлардан бирининг сўзларига кўра, маҳаллий шифохона ўликхонаси тўлиб-тошган. «Жасадлар хонага қатор қилиб териб қўйилган. Қолганлари коридорларда ётибди», — деган у журналистларга.

Гвинея бош вазири Амаду Ури Ба ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида ҳудудий расмийлар шаҳарда тартибни тиклаш учун бор имкониятни ишга солаётгани ҳақида маълум қилган.

«Ҳукумат вазиятни кузатиб бормоқда ва яна бир бор тиббий хизматлар жабрланувчиларга биринчи ёрдам кўрсатишига халақит бермаслик учун хотиржамликка чақиради», — дея қайд этган мулозим.

Маҳаллий мухолифат воқеа юзасидан текширув ўтказишга чақирган. Уларнинг қўшимча қилишича, турнир ҳарбий етакчи, Гвинея вақтинча президенти полковник Мамади Думбуянинг «ноқонуний ва ноўрин» сиёсий амбицияларини қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил этилган. 2021 йилда мамлакатда ҳарбий тўнтариш содир бўлди ва шундан бери Гвинея амалда ҳарбийлар томонидан бошқарилмоқда. Ҳиссиётлар жунбишга келишининг сабаби бу ушбу турнир финали эди.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид