19:00 / 15.09.2021
8724

Фарғона давлат университетида “Янги Ўзбекистон стратегияси” асари тақдимоти ўтказилди

Фото: Фарғона давлат университети

Бугун ҳар бир ёш қалбида янги ренессанс сари дадил одимлаб бораётган янги Ўзбекистонга муносиб бўлиш, уларда мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларга дахлдорлик ҳиссини шакллантириш вазифаси муҳим аҳамият касб этмоқда. Зеро, янги жамиятнинг навқирон авлоди нафақат пухта билимли, юксак салоҳиятли, балки ўз тақдирини мамлакат тақдири билан чамбарчас боғлаб, ижтимоий фаолликни муносиб намоён эта олиши муҳимдир.

Бу борада олий таълим тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар 24 минг нафарга яқин талаба-ёшларни бағрига олган Фарғона давлат университетида муносиб акс-садо бермоқда. Олийгоҳнинг юртимизга ҳар томонлама етук, юқори салоҳиятли, кенг дунёқарашга эга, маънавий баркамол авлодни тарбиялаб беришга қаратилган саъй-ҳаракатлари эзгу самара бераётгани қувонарлидир.

Фарғона давлат университетида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг "Янги Ўзбекистон стратегияси" асарида илгари сурилган устувор вазифалар тақдимотига бағишланган "Янги Ўзбекистон стратегияси" - миллий тараққиётимиз истиқболи" мавзусидаги тадбир ёшлар ўртасида янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлидаги ислоҳотлар мазмун-моҳиятини кенг тарғиб этиш мақсадига қаратилди.

Талаба-ёшлар, профессор-ўқитувчилар, турли ташкилот ва муассасалар масъуллари, вилоят ва шаҳар ҳокимлиги вакиллари иштирок этган тадбирни Фарғона давлат университети ректори Баҳодир Шермуҳаммадов очиб, Ўзбекистоннинг замонавий демократик қиёфаси қандай яратилаётганини билиш бугунги ёшлар учун жуда муҳимлиги, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг "Янги Ўзбекистон стратегияси" асарини ҳар бир ёш ўқиб, унинг моҳиятини теран англаши зарур бўлган қимматли китоб эканлигини таъкидлади.

- "Янги Ўзбекистон стратегияси" асари мамлакатимизда учинчи ренессанс пойдеворини барпо этиш борасида амалга оширилаётган туб ўзгаришлар ва ислоҳотларнинг мақсади, мазмун-моҳияти ҳамда устувор йўналишлари, миллий тараққиётимизнинг истиқболлари ҳақидаги муҳим манбадир. Ушбу китоб халқимизнинг уйғониш даври асосларини яратиш билан боғлиқ эзгу орзу-интилишлари, уларни амалга ошириш борасидаги энг муҳим вазифаларни атрофлича таҳлил этишга хизмат қилади, - деди ректор.

Тақдимотда сўз олганлар Президент асари ўзида яқин ва ўрта истиқболдаги янги Ўзбекистон қиёфасини акс эттирганига алоҳида урғу беришди.

Малакали профессор-ўқитувчилар томонидан китобнинг «Янги Ўзбекистон стратегияси», «Халқпарвар давлат», «Миллий иқтисодиётни ривожлантириш», «Адолатли ижтимоий сиёсат», «Маънавий тараққиёт», «Хавфсизлик ва ташқи сиёсат», «Ўзбекистон ва умумбашарий муаммолар» номли 7 та бўлими шарҳлаб берилди.

Давлатимиз раҳбарининг янги китобидан ўрин олган "Биз Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида ислоҳотларимизнинг асосий ҳаракатлантирувчи кучи бўлган жамиятимиз аъзоларининг бор билим ва салоҳияти, куч ва имкониятларини, бутун азму-шижоатимизни ишга солишимиз зарур. Шундагина янги Ўзбекистон жаҳон майдонида кучли салоҳият, муносиб обрў-эътиборга эга бўлган, ҳар томонлама обод ва фаровон мамлакатга айланади", деган сўзлари бутун халқимиз, хусусан, келажак бунёдкорлари бўлган ёш авлод онг-у тафаккурини бойитиш, "Янги Ўзбекистон - маърифатли жамият" концепциясининг ҳаётий аҳамияти ҳақидаги мулоҳазалар алоҳида аҳамиятли бўлди.

Тадбир доирасида Президент асарлари кўргазмаси ташкил этилди.

Эътироф этиш керак, Фарғона давлат университети ёшларни ҳар томонлама етук, юксак маънавиятли ва илмий салоҳиятли авлод этиб тарбиялаш борасида ўзининг самарали йўлига эга. Куни кеча Ўзбекистон Либерал демократик партиясининг Х съездида давлатимиз раҳбари томонидан илк маротаба тақдим этилган "Янги Ўзбекистон стратегияси" китоби моҳиятини ўрганишга бағишланган бугунги тадбир ҳам бунинг яққол намунасидир. Китобда алоҳида урғу берилган "Аниқ мақсад, толмас ирода ва доимий изланиш" тамойили олийгоҳ ёшларининг янги-янги илмий муваффақиятларга етакловчи муҳим шиори бўлиб хизмат қилади.

Университетда "Янги Ўзбекистон стратегияси" китоби тақдимоти ва тарғиботига бағишланган тадбир, маънавий-маърифий учрашувлар давом этади.

Фарғона давлат университети матбуот хизмати

Top