Фан-техника | 10:05 / 16.09.2021
35979
3 дақиқада ўқилади

Xiaomi янги смартфонларини намойиш қилди 

Хитойнинг Xiaomi компанияси 15 сентябрда ўзининг бир нечта янги гаджети онлайн-тақдимотини ўтказди. Гап Xiaomi 11T Pro, Xiaomi 11T, Xiaomi 11 Lite 5G NE смартфонлари, Mi Pad 5 планшетининг халқаро версияси ҳамда Mi Band 6 билагузуги ҳақида бормоқда. 

Қуйида компаниянинг янги қурилмалари ҳақидаги қисқача маълумотлар билан танишишингиз мумкин.

Xiaomi 11T Pro

Янги смартфон алюмин ва Gorilla Glass Victus ҳимоя ойнасидан ишланган. У 8/12 ГБ тезкор ва 128 ГБ/256 ГБ доимий хотира ва Snapdragon 888 процессори билан жиҳозланган.

Гаджет 120 Втли ўта тезкор қувватлашни қўллаб-қувватлайди. Шу тариқа смартфоннинг 5000 мА-соатли батареясини бор-йўғи 17 дақиқада тўлиқ қувватлаш мумкин. Қурилма HDR10+, Dolby Vision, TrueColor, Sunlight Mode 3.0 ва Reading Mode 3 технологияларини қўллаб-қувватловчи 6,67-дюймли AMOLED FHD+ экран, ён томонда ўрнатилган биометрик сенсор, Dolby Atmos’ни қўллаб-қувватловчи стереодинамиклар олган.

Смартфоннинг камералар блокидаги асосий камера 108 Мпга ва тасвирни оптик барқарорлаштиргичга, иккинчи камера 8 Мпга ва учинчи камера 5 Мпга эга. Олд камера 16 Мпли.

Xiaomi 11T Pro смартфони MIUI 12.5 ва Android 11 операцион тизимларида ишлайди. Уни 8/128 ГБ, 8/256 ГБ ва 12/256 ГБли модификацияларда мос равишда 649, 699 в 749 евродан сотиб олиш мумкин бўлади.

Xiaomi 11T 

Бу техник жиҳатдан оддийроқ қурилма бўлиб, бироқ у ҳам металл ва ҳимоя ойнасидан ишланган. Унда Dimensity 1200-Ultra ва Snapdragon 888 процессорлари ўрнатилган. Қурилма 8 Гб тезкор ва 128 ёки 256 Гб доимий хотира билан таъминланган. У 67 Втли қувватлашни қўллаб-қувватлайди ва бунинг ҳисобига уни 36 дақиқада тўлиқ қувватлаш мумкин.

Смартфон 128 Гб ва 256 Гб версияларда мос равишда 499 ва 549 евродан таклиф қилинмоқчи.

Xiaomi 11 Lite 5G NE

Ушбу смартфон Mi 11 Lite 5G’нинг янги версияси бўлиб, фарқи унда Snapdragon 780G ўрнига Snapdragon 778G процессори ўрнатилганидадир. Смартфон 2400×1080 пиксел кўрсатиш қобилиятига эга 6,55-дюймли AMOLED DotDisplay билан жиҳозланган.

Қурилманинг асосий камера блоки учта камера билан таъминланган: 64 МПли асосий, 8 МПли кенг бурчакли ва 5 МПли телемакро. Фронтал камера 20 Мпли, батарея сиғими 4250 мА-соат.

Смартфонни 6/128 ГБ ва 8/128 ГБ версияларда мос равишда 369 ва 399 евродан харид қилиш мумкин бўлади.

Аввалроқ Xiaomi дунёда смартфонлар сотиш бўйича етакчига айлангани маълум қилинганди. Компаниянинг июнь ойидаги савдо ҳажми 26 фоизга ошган ва бу унга смартфонлар бозорида Apple ва Samsung’ни ортда қолдиришга имкон берган.

14 сентябрда ҳам Apple компанияси янги iPhone 13 смартфонлари қатори тақдимотини ўтказди.

Мавзуга оид