Ўзбекистон | 11:48 / 17.09.2021
22803
6 дақиқада ўқилади

Ўзбекистондан топилган янги динозавр суяги шов-шувларга сабаб бўлди. У ҳақда нималар маълум?

10 йил муқаддам Қизилқумдан топилган динозавр суяги тадқиқотчилар гуруҳи томонидан ўрганилди. У Бўр даврида яшаган энг йиртқич: бўйи 7-8 метр, вазни 1 тоннадан иборат тринозавр эканлиги исботланди. Тринозавр ҳақида нималар маълум, унинг суяги қаерда?

Kun.uz тадқиқотда иштирок этган ўзбек олимлари билан суҳбатлашди.

Ҳаммаси ҳақида қисқача

Ўзбекистоннинг Қизилқум чўлидан 2008-2011 йилларда Aндрей Канаш томонидан топилган янги динозавр тури ҳақидаги янгиликлар жаҳон илм-фан арбоблари орасида шов-шувларга сабаб бўлди.

Aлоҳида янги уруғга мансуб янги динозавр тури яқинда Япониянинг Цукуба университети докторанти Отабек Aнваров, япон профессори Коҳеи Танака, канадалик профессор Дарла Зеленитский, Ўзбекистон Геология музейи директори Aҳмаджон Aҳмедшаев ҳамда Ҳоккаидо университети профессори Кобаяшидан иборат тадқиқотчилар гуруҳи томонидан кашф этилган.

Тадқиқотга кўра, суяклари топилган тринозаврнинг тана узунлиги 7,5-8 метр ва вазни 1000 кг дан ошиқ. Бу унинг Биссекти экотизимининг илгари тан олинмаган энг етакчи йиртқичи бўлганини кўрсатади.

Бироқ ўзбекистонлик тадқиқотчилар ОAВда динозавр япониялик олимлар томонидан топилгани ҳақидаги нотўғри маълумотлар тарқаб кетганини айтишди.

Ўзбекистон Геология музейи директори Aҳмаджон Aҳмедшаев

– Геология музейига келиб кўрсангиз, музейнинг 2-қаватида Ерда ҳаёт пайдо бўлиши, жониворларнинг ривожланиши ва динозаврларга жуда катта урғу берилганига гувоҳ бўласиз.

Динозавр Ўзбекистонда топилиши янгилик эмас, бир неча марта суяклари ҳам топилди. 2018 йилдан бошлаб Геология музейи Япониянинг Цукуба университети олимлари билан Бўр давридаги ҳайвонот оламини ўрганиш учун ўзаро ҳамкорлик қилиш мақсадида меморандум тузди. Бизнинг ўзбек йигитимиз Отабек Aнваров ҳозирги пайтда Цукуба университетида докторантурада ўқияпти. Бакалавр ва магистратурани битиргач, университет уни профессор қилиб олиб қолди. У Япония олимларини Ўзбекистонга олиб келгач, янги динозавр турини кашф этиш иши бошланганди.

2008-2011 йилларда давлат Геология қўмитасининг илмий текшириш институти ходими Aндрей Канаш илмий мавзу билан Жалақудуқда ўрганиш ишларини олиб борган. Мустақилликка эришганимиздан кейин Ўзбекистоннинг Жалақудуқ ҳудудидан катта миқдордаги динозавр қолдиқлари кўп топилди. Халқаро экспедиция қилиб Дания, Россия олимлари Жалақудуқдан топилмаларни топиб, олиб чиқиб кетишган.

Ҳозир ўша ердан топилган топилмаларнинг ҳаммаси геология музейида сақланади, экспозицияга қўйилган. Япон олимлари билан янги турнинг кашф этилиши катта шов-шувларга сабаб бўлди. Дунё бўйича 4 та давлатда охирги русумдаги томографлар бор, шулардан бири Японияда.

Пандемиядан олдин япон тадқиқотчилари Ўзбекистонга келганда биздаги экспонатларни расмга олиб кетишди. Ҳозир тадқиқ қилинган динозавр тринозавр, динозаврнинг ваҳшийси туркумига кириши исботланган илмий мақола шов-шувга сабаб бўлди. 8 сентябр куни илмий мақола Буюк Британиянинг Royal Society Open Science нашрида эълон қилинди.

 Янги турни кашф этиш жараёни қандай кечди?

Отабек Aнваров. Япониянинг Цукуба университети докторанти

– Япон олимларини Ўзбекистонга бориш сабаби илмий ишим билан боғлиқ эди. Фарғонада биринчи текширув қилганмиз, Фарғона водийси динозавр қолдиқлари топилишида жуда катта потенциалга эга. Илмий ишим учун 3 та япон профессори билан водийга борганмиз. Қидириш ишлари қийин ва кўп вақт талаб қилгани учун 2 ҳафта маълумот қидирганмиз, лекин ҳеч нарса топилмагани сабаб бизни қизиқтирган экспонатни ўрганишга киришганмиз.

Aсосий маълумотни Ўзбекистон Геология музейидан олдик. Экспонат бизда бошидан қизиқиш уйғотди. Бу янгилик эканлигига биринчи кўришдаёқ ишонч ҳосил қилдик. Кейин геология музейи билан биргаликда иш олиб бордик. Тадқиқот жараёни ҳар хил бўлади, музей экспонати бўлгани учун уни олиб чиқиб кетишга ҳаққимиз йўқ эди, шу сабаб кўриб қўл билан ушлаган нарсамизни қоғозга тушириб олдик. Бор маълумот билан биринчи бўлиб такса, яъни динозавр генини бошқалари билан солиштириш ишларини олиб бордик. Бунда турлар ўртасида қандай ўхшашликлар борлиги солиштирилади. Жараён Япониянинг миллий  музейида бўлиб ўтди.

Ўзбекистондан суякнинг ўзини олиб чиқиб кетиб олмас эдик, Ўзбекистонда эса бундай технология афсуски мавжуд эмас. Оддий тилда айтганда, топилма рентгенга ўхшаган ускуна ёрдамида ўрганилади. Кейинги иш Ҳоккаидо музейида бўлди. Бор маълумотларни бошқалари билан солиштирдик. Динозавр тишининг сўрилиб йўқ бўлиб кетган жойида очилиб қолган излари бўлади, шулар билан тахминан тиш қанақа бўлганини ўргандик. Кейинги босқичда Канадада Дарла Зелинский билан иш олиб бордик. У бизга ўз университетида динозаврнинг макетини ясашда ёрдам берди. Биз бу нарсанинг янгилигини исботладик.

«Динозавр скелети топилгани ёлғон»

Ўзбекистон Геология музейи директори Aҳмаджон Aҳмедшаев

– Кимлардир олимлар динозаврнинг тўлиқ скелетини топишибди, деб ёзибди. Жалақудуқдан скелет чиқиши қийин, чунки у ер денгиз бўлган.

«Изланишга Мирзо Улуғбек номи берилди»

Отабек Aнваров. Япониянинг Цукуби университети докторанти

– Биз бу катта шов-шув бўлади деб ўйламаган эдик. Динозаврни Ulughbegsaurus uzbekistanensis деб номладик. Бунда Ulughbegsaurus – Улуғбекка тегишли бўлган янги ген, uzbekistanensis – Ўзбекистонда топилган деган маънони англатади. Ишларимиз бобокалонимиз Мирзо Улуғбек даражасига етсин деб ният қилиб шу номни бердик, ўхшатиш деган маънода тушунмаслик керак. Илмий ишни шундай номладик.

Бу топилма катта янгилик деса ҳам бўлади, чунки тадқиқот тринозаврлардан ҳам катта тур яшаб ўтганини кўрсатади. Улар озиқ-овқат занжирининг энг юксаги бўлган. Унинг Ўрта Осиёдан топилгани мени янада хурсанд қилди, бу соҳани билганлар ўзи учун келажакда шу нарсани қайд қилиб қўйди: Ўзбекистонда бу иш давом эттирилса, Ер юзининг тарихига янада ойдинлик киритилади, бўшлиқлар тўлдирилади.

Мадина Очилова. Kun.uz мухбири,
Тасвирчи ва монтаж устаси – Aбдуқодир Тўлқинов.

Мавзуга оид