Ўзбекистон | 16:39 / 20.09.2021
2779
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва Франция авиация соҳасида кадрлар тайёрлаш бўйича битим имзолади

Тошкент давлат транспорт университети делегацияси Франциянинг Тулуза шаҳрида жойлашган Франция фуқаро авиацияси миллий мактабида бўлди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.

Ўзбекистонлик мутахассислар Фуқаро авиацияси миллий мактаби ўқув ва машғулот жараёни, лабораториялари, моддий-техник базаси билан танишди, ўқув юрти раҳбарияти билан Ўзбекистонда жорий йил ноябрь ойида очилиши режалаштирилган Фуқаро авиацияси учувчиларини тайёрлаш мактаби ўқув дастури ва бакалавр йўналишида ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилди.

Ўзбекистоннинг Франциядаги элчиси Сардор Рустамбоев, Тошкент давлат транспорт университети ректори Одил Абдураҳмонов ва проректори Баҳодир Тўраев, Франция фуқаро авиацияси миллий мактаби проректори Николас Касалис, Учувчилар мактаби директори Тьерри де Баския иштирокида икки таълим муассасаси ўртасида бошланғич учувчиларни тайёрлаш бўйича битим имзоланди.

18 ёшга тўлган, инглиз тили бўйича IELTS сертификатига эга бўлган, махсус тиббий кўрикдан ўтган, математика ва физика фанларидан ёзма имтиҳонларни муваффақиятли топширган фуқаролар фуқаро авиацияси учувчилигига даъвогарлик қилиши мумкин. Таҳсил таълим жараёнининг биринчи икки йили Тошкент давлат транспорт университети базасида, учинчи ва тўртинчи ўқув йиллари Франциянинг ENAC мактабида олиб борилади.

Таълим якунлари бўйича битирувчиларга ўрнатилган тартибда Тошкент давлат транспорт университетининг “Ҳаво кемалари парвоз эксплуатацияси” таълим йўналишида бакалавр дипломи ҳамда фуқаро авиациясида учувчилик фаолиятини олиб бориш имкониятини берадиган “АТР” лицензияси берилади. Таълим жараёни тўла инглиз тилида олиб борилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид