Жамият | 21:37 / 20.09.2021
10030
4 дақиқада ўқилади

Паст Дарғомнинг Жума буюм бозоридаги дўкон суд қарори асосида бузилган – МИБ

Фото: Видеодан кадр

Интернетда ИИБ ходими ва фуқаро кийимидаги эркаклар Паст Дарғом тумани Жума буюм бозоридаги дўконни бузаётгани, уларга номаълум аёллар қаршилик кўрсатаётгани акс этган видео тарқалди. Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси ҳамда вилоят ИИБ бошқармаси ҳолат юзасидан расмий муносабат билдирди.

МИБ ахборот хизматининг Kun.uz’га маълум қилишича, мажбурий ижро ҳаракатлари суд қарорига кўра амалга оширилган.

“Айтиш керакки, суд томонидан қабул қилинган қарорлар кимнингдир қонуний манфаати учун қабул қилинса, бошқа тарафлар бундан норози бўлиши ҳам табиий.

Айнан суд қарорига кўра, ноқонуний деб топилган бино, қурилманинг бузилиши ёки мажбурий тартибда фуқароларни чиқариш каби мажбурий ижро ҳаракатлари МИБ ходимлари учун ҳам осон кечмайди.

Юқоридаги видео хабар бўйича текшириш ишлари ўтказилганда, фуқаролик ишлари бўйича Паст Дарғом туман судининг 2020 йил 7 ва 12 октябрдаги ҳамда 11 ноябрдаги қарорларига асосан “Паст Дарғом буюм савдо” МЧЖнинг 13-1Б-блок 2-қаватида жойлашган даъвогар Ф.Р.га тегишли савдо дўконидан жавобгарлар Х.Ж., Р.А. ва Ш.П.ларни мажбурий тартибда чиқариш ва ушбу жойда қурилган (13-1Б-блок 2-қавати) енгил конструкцияли савдо дўконларини уларнинг ҳисобидан буздириш белгилангани маълум бўлди.

Шунингдек, ушбу суднинг 14.12.2020 йилдаги қарорига асосан “Паст Дарғом буюм савдо” МЧЖнинг 13-1Б-блок 2-қаватида жойлашган даъвогар З.Қ. га тегишли савдо дўконидан жавобгар Д.А.ни мажбурий тартибда чиқариш ва ушбу жойда қурилган (13-1Б-блок 2-қавати) енгил конструкцияли савдо дўконларини уларнинг ҳисобидан буздириш белгиланган.

Мазкур ижро ҳужжати юзасидан Бюронинг Паст Дарғом туман бўлими томонидан ижро ҳужжатида кўрсатилган талабларни бажариш учун жавобгарларга қонунда белгиланган 15 кунлик ихтиёрий муддат берилган.

Шундан сўнг фуқаролик ишлари бўйича Паст Дарғом туман судининг 2021 йил 18 январдаги ажримига асосан ушбу ижро ҳужжатлари юзасидан ижро ҳаракатлари вақтинчалик тўхтатилган. Кейинчалик, фуқаролик ишлари бўйича Паст Дарғом туман судининг 2021 йил 20 августдаги ажрим билан юқорида кўрсатилган ижро ҳужжатлари бўйича ижро ҳаракатларини давом эттириш белгиланган ва ижрони таъминлаш юзасидан мажбурий ижро ҳаракатларига киришилган.

Бюронинг Паст Дарғом туман бўлими давлат ижрочилари томонидан 2021 йил 8 сентябрдаги ижро жараёнида тегишли идоралар манзилга етиб келмаганлиги сабабли ижро ҳаракатлари бошқа кунга қолдирилган. Шундан сўнг 2021 йил 15 сентябрдаги мажбурий ижро ҳаракатлари даврида қарздорлар Х.Ж., Р.А., Д.А. ва Ш.П. кўрсатилган савдо дўконларидан мажбурий тартибда чиқарилган ва ноқонуний қурилмалар буздирилиб, тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилган.

Бундан ташқари, ҳозирда МИБнинг Паст Дарғом туман бўлими томонидан иш юритувдаги “Паст Дарғом буюм савдо” МЧЖнинг 13-1Б-блок 2-қаватида жойлашган савдо дўконларидан чиқариш билан боғлиқ бошқа ижро ишлари бўйича ҳам мажбурий ижро ҳаракатлари давом эттирилмоқда”, дейилади МИБ томонидан тақдим этилган расмий муносабатда.

МИБ ахборот хизматининг қўшимча қилишича, ижро ҳаракатлари даврида ходимлар томонидан фуқароларга нисбатан ножўя хатти-ҳаракатлар содир этилганлиги аниқланмаган. Бюро ижро иши якуни ҳақида қўшимча маълумот берилишини билдирган.

Самарқанд вилояти ИИБ ахборот хизмати интернетда тарқалган видеодаги ИИБ ходимларининг аралашувини изоҳлар экан, “ИИБ ходимлари ҳар қандай ”снос“ ишларига аралашмаслиги, бу каби ҳолатлар содир бўлган жойларда уларнинг асосий вазифаси жамоат тартибини сақлаш ва жамоат хавфсизлигини таъминлашдан иборат” эканини таъкидлаган.

Мавзуга оид