Жаҳон | 20:18 / 22.09.2021
11341
2 дақиқада ўқилади

Туркия Сурияга мингдан кўпроқ ҳарбий жўнатмоқчи – ОАВ

Туркия Суриянинг Идлиб вилоятидаги вазият ортидан назоратни кучайтириш учун Сурия ғарбига мингдан кўпроқ аскар жўнатишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда номаълум бўлиб қолишни истаган турк амалдорларига таяниб Bloomberg ахборот агентлиги хабар берди.

Анқара шу йўл билан суриялик қочқинлар оқими олдини олмоқчи. Таъкидланишича, охирги ойларда ушбу оқим кучайган. Нашрнинг таъкидлашича, Идлибга қўшимча кучлар Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғаннинг Россия президенти Владимир Путин ва Эрон президенти Иброҳим Раисий билан Москвада 29 сентябрда ўтиши режалаштирилаётган учрашуви арафасида жўнатилади.  

Манбалар маълумотларига кўра, Эрдўған Путин ва Раисий билан учрашувда Идлибдаги эскалация масаласини кўтармоқчи. Охирги вақт Идлибда Сурия ҳарбийлари ва Россия ҳарбий авиацияси ҳужумлари сони ортган. Эрдўғаннинг фикрича, бу янада кўпроқ қочқинларнинг Туркия томон ошиқишига олиб келиши мумкин. Таъкидланишича, турк контингентининг Сурияда кўпайтирилиши Сурия ҳукумат қўшинларининг идлиблик исёнчилар позицияларига кейинги ҳужумларига чек қўйишда ва турк чегарасига олиб борувчи йўлларни назорат қилишда ёрдам беради.

14 сентябрда Путин ва Сурия президенти Башар Асад ўртасида Москвада учрашув бўлиб ўтди. Икки етакчи Россия ва Сурия иттифоқининг террорчилар ва айирмачиларга қарши курашдаги умумий муваффақиятларини ижобий баҳолашган. Путин Сурия ҳудудида хорижий давлатлар қўшинлари қолаётганини Сурия давлатчилигини тиклашдаги асосий муаммо деб атаган.

2020 йил мартда Путин ва Эрдўған 6 соатлик учрашув натижаларига кўра, Идлибда ўт очишни тўхтатишга келишиб олганди.

Мавзуга оид