Ўзбекистон | 12:16 / 28.09.2021
3752
2 дақиқада ўқилади

«Фарғонада 650 мингдан зиёд аҳоли тоза ичимлик суви билан таъминланади, Кампиробод сув омборидан қувур тортилади» - Президент

Фарғона аҳолиси ҳаётини яхшилаш ва вилоятни жадал ривожлантириш бўйича беш йиллик дастур тайёрланди. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев маълум қилди.

“Фарғона вилоятида электр, сув, канализация, иссиқлик таъминоти ва йўл инфратузилмаларини яхшилашга 10 триллион сўм йўналтирилади. Аввало, келгуси беш йилда “Обод қишлоқ”  ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида 150 та қишлоқ ва 40 та маҳаллани ободонлаштириш чоралари кўрилади. Бунга 1 триллион 860 миллиард сўм маблағлар ажратилади. 

Бундан ташқари, Ёзёвон, Сўх, Қўштепа ва Фурқат туманларининг шароити оғир 57 та маҳалласида қишлоқ инфратузилмасини ривожлантиришга 32 миллион доллар маблағ ажратилади. 

Шунингдек, келгуси йилдан ҳар бир туман ва шаҳар бюджетининг камида 5 фоизи аҳоли мурожаатларига мувофиқ энг долзарб муаммоларни ҳал қилишга йўналтирилади. Келгуси йилларда ушбу маблағ яна кўпайтирилади.

Келгуси беш йилда вилоятда ичимлик суви билан таъминлаш даражаси 69 фоиздан 90 фоизга етказилади. Жумладан, келгуси йилнинг ўзида Сўх туманида ичимлик сув таъминоти 30 фоиздан 100 фоизга етказилади. Кампиробод сув омборидан қувур тортиб, Марғилон, Фарғона ва Қувасой шаҳарлари, Қува, Тошлоқ ва Фарғона туманларидаги 650 мингдан зиёд аҳоли тоза ичимлик суви билан таъминланади. Бунинг учун 6 минг километр ичимлик сув тармоқлари, 532 та сув иншоотлари қурилади ва реконструкция қилинади. Сув таъминоти оғир бўлган Риштон, Боғдод, Ўзбекистон туманларида бюджет маблағлари ҳисобидан қудуқлар ва зовурлар қазиш бўйича дастур амалга оширилади. 

Бундан ташқари, келгуси беш йилда Фарғона, Қўқон, Марғилон, Қувасой шаҳарлари канализация тизими қамрови ҳозирги 60 фоиздан 85 фоизга етказилади. Шунингдек, туман марказларида канализация тизимини яхшилаш бўйича 151 миллион долларлик лойиҳа амалга оширилади. 

Шаҳарлар ва туман марказларининг иссиқлик таъминотини яхшилашга 1,2 триллион сўм йўналтирилади. Электр таъминотини яхшилаш мақсадида, 7 минг километр электр тармоқлари ва 2 мингта трансформатор янгиланади. Бунга 1 триллион сўмдан зиёд маблағлар йўналтирилади”, деди Шавкат Мирзиёев.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид