09:23 / 29.09.2021
1596

Бўстонлиқ туманидан олиб қочилган автомобил ЙПХ инспекторлари томонидан топиб, эгасига қайтарилди

Бўстонлиқ туманида уй олдида қолдирилган “Ваз-21011” русумли транспорт воситаси олиб қочилган. Қидирув ва суриштирув ишлари натижасида автомобилни Ҳондойлиқ қишлоғида яшовчи 2003 йилда туғилган фуқаро олиб қочгани аниқланган. Бу ҳақда Тошкент вилояти ИИББ ЙҲХБ Kun.uz’га маълум қилди.

Жорий йилнинг 26 сентябрь куни соат 07:30ларда Тошкент вилояти Бўстонлиқ тумани «Бараж» МФЙ Э.Асанов кўчаси 2-уй олдида бир кун аввал қолдирилган «Ваз-21011» русумли транспорт воситаси олиб қочилгани тўғрисида фуқаро ички ишлар органларига хабар берган.

Шундан сўнг Тошкент вилояти ИИББ ЙҲХБ ходимлари томонидан тўсиб ушлаш тадбири амалга оширилди. Олиб борилган тезкор қидирув ва суриштирув ишлари натижасида, ушбу автомобил Бўстонлиқ тумани Ҳондойлиқ қишлоғи «Кўктўнли» МФЙ ҳудудида, намунали уйлар яқинида қаровсиз ҳолда Тошкент вилояти ИИББ ЙҲХБ қидирув ва суриштирув бўлими бошлиғи майор Х.Насриддинов томонидан топилди.

Қидирув-суриштирув ишлари давом эттирилиб, олинган ашёвий далиллар орқали мазкур транспорт воситаси Бўстонлиқ тумани Ҳондойлиқ қишлоғида яшовчи, 2003 йилда туғилган фуқаро Ў.С. томонидан олиб қочилгани аниқланди ва гумонланувчи ўз яшаш уйида ушланди.

Ҳолат юзасидан Бўстонлиқ тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 267-моддаси 1-қисмига (транспорт воситасини олиб қочиш) кўра жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Top