Жамият | 18:14 / 29.09.2021
2208
4 дақиқада ўқилади

Китоб ҳокими тадбиркорнинг масъулиятсизлиги учун қайтариб олинган ерни 2 йил ўтиб яна унинг ўзига берди. Бошқа тадбиркор эса харажатига куйяпти

Ижтимоий тармоқларда Китоб туманида яшовчи тадбиркор туман ҳокими томонидан берилган 40 сотих ер ноҳақдан қайтариб олингани учун моддий ва маънавий зарар кўраётгани ҳақида хабарлар тарқалди. Маълум бўлишича, туман ҳокими масъулиятсизлик қилган тадбиркордан 2019 йилда қайтариб олинган ерни 2 йил ўтиб яна унинг ўзига берган. Ўша ерга маблағ сарфлаган бошқа тадбирокор эса харажатига куйяпти.

Туман ҳокимлиги ахборот хизматининг муносабатида маълум қилинишича, мурожаатда айтилган жой Китоб тумани «Сарой» МФЙ Янгиобод қишлоғи (Охунбобоев массиви қишлоқ хўжалик харитасининг 321а контури)да жойлашган. Туман ҳокимининг 2015 йил 30 декабрдаги қарори билан 4 980 метр квадрат (49,8 сотих) яйлов ер майдони тўйхона қуриш учун фуқаро Э.Ибрагимовга ажратиб берилган.

Қайд этилишича, Ер кодексиниг тегишли моддаларига асосан, қишлоқ хўжалиги соҳасига тааллуқли бўлмаган эҳтиёжлар учун берилган ер участкаларидан 2 йил муддатда фойдаланилмаганда ажратилган ер майдонининг захира ер фондига қайтарилиши белгиланганини ҳисобга олиб, туман ҳокимининг 2019 йил 13 июлдаги қарорига кўра, фуқаро Э.Ибрагимовга ажратилган ер майдони туман ер захирасига ўтказилган.

Муносабатда ёзилишича, туман ҳокимининг 2019 йил 20 июлдаги қарори билан мазкур 40 сотих ер майдони ёнғоқзор ва бодомзор ташкил этиш учун деҳқон хўжалиги сифатида А.Муҳаммадиевга ажратиб берилган. Ушбу деҳқон хўжалиги 2019 йил 26 июлда юридик шахс сифатида Китоб тумани давлат хизматлари марказидан «Алиева Динара Алимардоновна» номи билан давлат рўйхатидан ўтказилган. А.Муҳаммадиев бу ерда мевали дарахт кўчатларини эккан, иссиқхона ва 3х4 метр ўлчамда 1 хонали иморат қурган.

«Ер участкаларига бўлган ҳуқуқ давлат рўйхатига олинганидан кейин вужудга келиши, Ер кодексининг 33-моддасида ер участкасига бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатига олиш тўғрисидаги гувоҳнома ер участкасига бўлган ҳуқуқни тасдиқловчи ҳужжат ҳисобланиши қайд этилган. Ваҳоланки, «Алиева Динара Алимардоновна» деҳқон хўжалиги раҳбари А.Муҳаммадиевда ер майдонига эгалик қилувчи ҳуқуқни тасдиқловчи бирон-бир ҳужжат мавжуд бўлмаган», дейилади муносабатда.

Таъкидланишича, 2021 йил 26 май куни Китоб туман прокурори фуқаро А.Муҳаммадиевга деҳқон хўжалиги учун ер ажратиш ҳақидаги туман ҳокимининг 2019 йил 13 июлдаги қарорини бекор қилиш ҳақида протест келтирган. Шундан сўнг Китоб тумани ҳокимининг 2021 йил 23 июндаги қарори билан А.Муҳаммадиевга деҳқон хўжалиги учун ер ажратиш тўғрисидаги 2019 йил 13 июлда чиқарилган қарор бекор қилинган. 2015 йил 30 декабрда имзоланган Э.Ибрагимовга тўйхона биноси қуриш учун ер ажратиш қарори ўз кучида қолдирилган.

Шундан сўнг фуқаро А.Муҳаммадиев Қарши туманлараро маъмурий судига мурожаат қилган. Жорий йил 30 августда ўтказилган суд мажлисида аризачи А.Муҳаммадиевнинг Китоб тумани ҳокимлигига нисбатан туман ҳокимининг 2021 йил 23 июндаги қарорини ҳақиқий эмас деб топиш ва уни бекор қилиш тўғрисидаги шикояти рад этилган.

Ғайрат Йўлдошев
Тайёрлаган Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид