Жаҳон | 22:08 / 29.09.2021
39642
9 дақиқада ўқилади

ОАВ: АҚШ Афғонистондан узоқлашмаслик учун Марказий Осиёдаги базалардан фойдаланмоқчи

АҚШ Афғонистондаги эҳтимолий таҳдидларга қарши туриш учун россияликларнинг Марказий Осиёдаги базаларидан фойдаланиш имкониятларини расмий Москва билан муҳокама этмоқда. Бу ҳақда Wall Street Journal нашри хабар берди.

Экспертларнинг ҳисоблашича, америкаликларга биринчи навбатда разведка маълумотлари керак бўлади / GETTY IMAGES

Нашр маълумотига кўра, АҚШ ҳарбийларининг Марказий Осиёдаги Россия базаларидан фойдаланиш имкониятлари АҚШ штаб бошлиқлари бирлашган қўмитаси раиси генерал Марк Милли ҳамда унинг ҳамкасби - Россия Қуролли кучлари бош штаби бошлиғи Валерий Герасимов ўртасида Финляндияда ўтган юзма-юз учрашувда муҳокама қилинган.

Америка нашри хабарида Герасимов ҳамкасбига ҳеч қандай ваъда бермагани қайд этилган. Таъкидланишича, бу мавзу Жо Байден маъмурияти Афғонистондан қўшинларни тезлик билан олиб кетганидан сўнг, бу мамлакатда юзага келиши мумкин бўлган террорчилик таҳдидларни кузатиш ва уларга жавоб қайтариш учун янги имкониятларни қидираётгани туфайли ўртага чиққан.

«АҚШ ва Россия терроризм хавфидан хавотирда бўлса-да, Россия билан терроризмга қарши курашиш ғояси, айниқса, сиёсий жиҳатдан, қийинчиликларга тўла», дейилади нашрда.

Россиянинг «Коммерсантъ» газетаси хабар беришича, Россия ва АҚШ президентларининг июнь ойидаги саммити чоғида Владимир Путин Жо Байденга Афғонистон борасидаги ҳаракатларни мувофиқлаштиришни таклиф этган. Хусусан, у гўёки америкаликларга Тожикистон ва Қирғизистондаги рус ҳарбий базаларидан фойдаланиш таклифини билдирган.

Путин ва Байден музокаралар чоғида Афғонистон масаласини муҳокама қилгани ҳақидаги маълумотни саммит якунида Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков ҳам тасдиқлаганди, лекин у учрашувда ҳарбий базалар мавзуси тилган олинган-олинмагани ҳақидаги саволга аниқлик киритмаганди.

Энди, WSJ материали эълон қилинганидан сўнг, Дмитрий Песков айтмоқдаки, «бу музокаралар [Путин ва Байденнинг] бўйича айтиш мумкин бўлган барча гап айтиб бўлинган». «Интерфакс» агентлигининг президентларнинг ёки бош штаблар бошлиқлари музокараларида ҳарбий базалар масаласи муҳокама қилинган-қилинмагани тўғрисидаги тўғридан тўғри саволига у жавоб бермади.

«Ассошиэйтед Пресс» агентлиги икки генералнинг 22 сентябрь кунги учрашуви тўғрисидаги хабарида Марк Миллининг сўзларини келтирган - америкалик ҳарбий учрашув «самарали» кечгани ҳақида айтган: «Бу самарали учрашув бўлди. Буюк давлатларнинг ҳарбий раҳбарлари мулоқот қилганда, дунё хавфсизроқ жойга айланади».

Россия бир неча йил мобайнида ўз ҳудуди ва ҳаво кенгликларидан ҳарбий юклар олиб ўтилишига рухсат бериб, НАТО мамлакатларига Афғонистонда амалиётлар ўтказишда ёрдам кўрсатганди. Бу де-факто 2009 йилда бошланган ва 2015 йилга қадар давом этган.

Марк Милли ва Валерий Герасимов Ҳелсинкида / ALEXEI YERESHKO/TASS

2010 йилда Лиссабондаги НАТО саммитига таклиф этилган Россия президенти Дмитрий Медведев бу ёрдамни расман қўллаб-қувватлаб тасдиқлаганди. Ҳатто Россиянинг Ульяновск шаҳрида НАТОнинг махсус юк тушириш ва қайта юклаш пунктини очиш режалаштирилганди.

Шу билан бирга, наточиларнинг юклари Россия ҳудуди орқали рус самолётлари ва рус поездларида ташилган. 2012 йилда, ўша вақтда бош вазир ўринбосари бўлган Дмитрий Рогозин Россия ҳарбий юклар транзитидан пул ишлаётганини маълум қилганди.

Сенаторлар қарши
Америка Сенатидагилар бу хабарларга муносабат билдиришда эҳтиёткорлик билан ёндашмоқда.

Конгресс юқори палатаси веб-сайтида бир неча республикачи сенаторларнинг АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен ва Пентагон раҳбари Ллойд Остинга мурожаати жойлаштирилган, унда улар Жо Байден маъмуриятини «терроризмга қарши курашда руслар билан қандайдир ҳарбий ҳамкорлик қилиш»дан тийилишга чақирган.

Баёнотда айтилишича, улар Барак Обама давридаги ўзаро ҳамкорлик тажрибасидан келиб чиққан ҳолда «Россияни террор таҳдидлари тўғрисида маълумот беришдан кўра АҚШ ва унинг иттифоқчилари тўғрисидаги разведка маълумотлари йиғиш кўпроқ қизиқтиради» деб ҳисоблашади.

Бундан ташқари, сенаторларнинг сўзларига кўра, АҚШ ва Россия ҳарбий ҳамкорлиги юридик жиҳатдан мумкин эмас. «Америка қонунларидан бирига кўра, Россия «Украина ҳудудидаги агрессия ва оккупацияни тўхтатмас ҳамда Украина шарқида ўт очишни тўхтатиш ҳақидаги Минск протоколлари шартларига риоя этишни бошламас экан», икки давлат ўртасидаги ҳарбий ҳамкорликни таъминлаш учун молиявий маблағлардан фойдаланишга рухсат этилмайди», дейилади баёнотда. Сенаторларнинг фикрича, Россия бу шартларни бажармаган.

Умуман олганда шундай бўлиши мумкинми?
Карнеги.ру бош муҳаррири Александр Баунов BBC билан суҳбатда айтишича, вазият шунга олиб бормоқдаки, АҚШ Марказий Осиёдаги Тожикистон ва Қирғизистон ҳудудида жойлашган базалардан фойдаланиши имконсиз иш эмас.

Унинг сўзларига кўра, икки давлат ўртасидаги қарама-қаршилик ҳамиша афғон йўналишида «унутиб турилади».

АҚШ 2014 йилгача Қирғизистондаги «Манас» аэродромидан фойдаланган / AFP

Бундан ташқари, Баунов Ғарб ва Россиянинг Афғонистондаги муносабатлари бошқача хусусиятларга эга: «Осиё Европадан фарқ қилади - у ерда қутбланиш йўқ. Бўлса ҳам, «ёки-ёки» шаклида эмас».

«У ерда НАТО йўқ, ҳеч қандай Россия-Америка муносабатлари йўқ. НАТО ва «кулранг майдон» бор бўлган Европада Россия-Америка муносабатлари бор. Шарқ бор, Москва, Ғарб ва ўз танловини қилган ёки қила олмаган бир қанча давлатлар ҳамда ҳудудлар бор, уларнинг қайсисидир Москвадан, қайсисидир Ғарбдан норози - ушбу «кулранг майдон» учун кураш кечади. Осиёда эса НАТО йўқ, Россияга қарши ҳарбий блок йўқ, Америка ҳарбийларининг Покистонда бўлиши уларнинг Польшада бўлиши каби оғриқли қабул қилинмайди», дейди эксперт.

Иқтисодиёт олий мактабининг Жаҳон иқтисодиёти ва жаҳон сиёсати факультети профессори Андрей Казанцевнинг ҳисоблашича, аксинча, Россиядагилар минтақада америкаликлар бўлишидан хавфсирашади - буни ҳатто жаҳон терроризмидан жиддийроқ хавф деб билишади.

Унинг ҳисоблашича, бу вазият ўзгариши ҳам мумкин: «Ёки Россия учун муҳим бўлган бошқа йўналишларда келишиб олинади, бу ҳолатда қарама-қаршилик даражаси пасаяди ва АҚШ халқаро терроризмдан кўра хавфсиз бўлиб қолади. Ёки, аксинча, халқаро терроризм хавфи ҳозиргидан ҳам кўра ортса».

Казанцевнинг фикрича, бундай маслаҳатлашувлар ўтказилади, аммо юқоридаги икки шарт ўзгармайди, икки мамлакат ўртасидаги ҳарбий ҳамкорлик сезиларли даражада йўлга қўйилмайди.

Разведка ва маълумотлар
Тожикистонда Россиянинг 201-ҳарбий базаси жойлашган. Маълумотлардан бирига кўра, базада олти мингдан ортиқ ҳарбий хизматчи борлиги айтилган, бошқасида - бу рақам уч минг атрофида. База таркибига Ми-8 ва Ми-24 вертолётлари авиагуруҳи ҳам киради, авиация қурилмалари Душанбе яқинидаги «Айни» ҳарбий аэродромига жойлаштирилган.

Қирғизистон кўп вақт давомида ўз ҳудудида ҳам русларнинг, ҳам америкаликларнинг ҳарбий базасини жойлаштирган дунёдаги ягона мамлакат бўлиб келди. Булар ҳарбий аэродромлар - россияликларнинг ҳарбий самолётлари ва вертолётлари жойлашган Чуй областидаги «Кант» авиабазаси ҳамда Россия базасидан 30 километр масофада жойлашган америкаликларнинг «Манас» авиабазаси.

«Манас» ҳарбий юклар транзити учун муҳим вазифани бажарган - 2001 йилдан 2014 йилга қадар авиабаза орқали 26 мамлакатга мансуб бўлган беш миллион аскар ўтган. 2014 йилда Қирғизистон АҚШ билан шартнома муддатини узайтиришдан бош тортади.

Россиялик ҳарбий эксперт Виктор Мураховскийнинг сўзларига кўра, назарий жиҳатдан АҚШ афғон чегаралари яқинида разведка воситалари, учувчисиз учиш қурилмалари бошқарув пунктини жойлаштиришдан манфаатдор бўлган бўларди. «Аммо мен гап ҳарбий гуруҳларни жойлаштириш ҳақида кетиши мумкин деб ўйламайман. Мен ҳатто махсус топшириқли кичик бўлинмалар жойлаштирилиши ҳақида ҳам ўйламайман. Бу фақат қандайдир техник воситалар, авиация, радиоэлектрон қурилмалар бўлиши мумкин», деган у.

Мураховскийнинг ҳисоблашича, АҚШ Россия билан муносабатларда санкциялар қўллаш сиёсатини тўхтатмас экан, «иккинчи Ульяновск» бўлмайди.

Мавзуга оид