Ўзбекистон | 20:32 / 29.09.2021
19120
2 дақиқада ўқилади

Президент Андижондаги хусусий мактабда бўлди ва Тошкентга қайтди

Президент Шавкат Мирзиёев Андижон шаҳридаги “Янги авлод” хусусий мактаби фаолияти билан танишди.

Минг ўринли мазкур умумтаълим мактаби бу йил илк ўқувчиларини қабул қилди. Уч қаватли иккита ўқув биносида 55 та синфхона, 3 та лаборатория, фан кабинетлари бор. Улар замонавий ўқув жиҳозлари ва ускуналар билан таъминланган.

Мактаб чет тилларига ихтисослаштирилган бўлиб, инглиз, хитой, араб тиллари чуқурлаштирилган тарзда ўқитилади.

Шунингдек, аниқ фанларни инглиз тилида интерфаол тарзда ўқитиш, ментал арифметика, ахборот технологиялари, робототехника тўгараклари ташкил этилган. Ошхона, очиқ ва ёпиқ спорт майдонлари, гимнастика ва хореография хоналарида зарур шароитлар яратилган.

Президент мактаб ўқувчилари билан суҳбатда уларнинг интилишларини қўллаб-қувватлади.

– Сизлар энг тўғри йўлни – билим йўлини танлагансизлар. Ҳеч қачон ўқишдан, изланишдан тўхтаманглар. Вақт тез ўтади, эртага ҳаётда муносиб ўрин топишингиз, замонга мос мутахассислар бўлиб етишишингиз учун бугун ўқишингиз керак. Мен ишонаман, сизлар мутлақо янги авлод ёшлари бўлиб улғаясизлар, ота-онангиз, эл-юртингиз орзусини рўёбга чиқарасизлар. Чунки сизларда билим бўлади. Билим эса, кўп бор айтганимдек, ўтда ёнмайди, сувда чўкмайди. Яккаю ягона нажотимиз – илм, – деди Шавкат Мирзиёев.

Шу ерда мактабгача таълим муассасаси ва университет барпо этиш лойиҳаси тақдимот қилинди. Унга кўра, мактаб ёнида 150 ўринли боғча, 500 ўринли ахборот технологиялари университети қурилиши режалаштирилган. Шу тариқа боғча, мактаб ва университет таълим кластерига айланади. Уларда болалар боғча ёшидан чуқурлаштирилган билим олиб, ахборот технологиялари бўйича етук мутахассислар бўлиб етишади.

Давлат раҳбари шу ерда журналистларнинг саволларига жавоб берди.

Президент Шавкат Мирзиёев Андижон вилоятига ташрифини якунлаб, Тошкентга қайтди.

Мавзуга оид