Дубайда Expo-2020 бутунжаҳон кўргазмаси очилди
30 сентябрь кечки вақт Дубайда пандемия сабабли бир йилга қолдирилган Expo 2020 бутунжаҳон кўргазмаси очилди. “Ғояларни бирлаштириб, келажакни яратамиз” деган шиор остида ўтувчи кўргазма 2022 йил 31 мартгача давом этади. Унда 190дан кўпроқ давлат 182 кун давомида техника, фан ва санъат соҳаларида эришган ютуқлари ва инновацияларини намойиш қилади.
Кўргазма очилишида минг кишидан иборат актёрлар ва профессионаллар жамоаси охирги технологияларни қўллаган ҳолда 90 дақиқалик ёрқин томоша кўрсатишган. Маросим кўргазманинг маркази ҳисобланувчи Al Wasl Plaza майдонида ўрнатилган 70 метрлик гумбаз шаклидаги иншоотда намойиш қилинган. Қайд этиб ўтиш лозим, ушбу иншоот тасвирни 360 даража бурчак остида проекциялаш учун мўлжалланган дунёдаги энг йирик сирт ҳисобланади. Унда тасвир ва видеони ҳам ташқи, ҳам ички томондан кузатиш мумкин.
Бундан ташқари, очилиш маросими БАА бўйлаб 430дан кўпроқ жойда намойиш қилинган. Бунинг учун аэропортлардан тортиб савдо марказлари ва меҳмонларгача бўлган турли жойларда экранлар ўрнатилган. Шунингдек, Нью-Йоркдаги Таймс-скверда ўрнатилган экранларда ҳам уни кузатиш мумкин бўлган.
Кўргазманинг очилиш маросимига италиялик машҳур тенор Андреа Бочелли, “Олтин глобус” соҳиби, актриса ва қўшиқчи Андра Дэй, британиялик қўшиқчи Элли Голдинг, хитойлик виртуоз пианиночи Лан Лан ва арабча услубда куйловчи бошқа кўплаб қўшиқчилар таклиф этилган.
Дубай ҳукмдори Шайх Муҳаммад бин Рошид Ол Мактум кўргазмани очиқ деб эълон қилган. У кўргазма инсоният хотирасида муҳрланиб қоладиган ажойиб ҳодисага айланишини айтган. У БАА ушбу тадбирни “халқаро ҳамкорлик асосида глобал муаммоларга ечимлар топиш мақсадида” амалга ошираётганини таъкидлаб ўтган.
Маълумотларга кўра, Дубай ҳукумати ушбу кўргазма ўтказилишига 7 млрд доллар ажратган. Кўргазмага ЖССТ томонидан маъқулланган вакциналардан бири билан эмланганлик ҳақидаги сертификат ёки манфий ПЦР-тестни тақдим қилган барча одамлар ташриф буюриши мумкин.
Кўргазма давомида унга 25 млн киши ташриф буюриши кутилмоқда. Уни “Ижод, инновация, тараққиёт ва маданият тантанаси” деб атаган ташкилотчилар ҳар кун 60тагача интерактив шоуни, жумладан таълим, мусиқий-рақс томошаларини ўз ичига олган дастурни ишлаб чиқишган. Улар дунё халқлари урф-одатлари билан танишиш имконини беради.
Эътиборлиси, Expo 2020 бошланмасидан тарихга киришга улгурганди. Биринчидан, бутунжаҳон кўргазмаси Яқин Шарқ, Африка ва Жанубий Осиё (MEASA) минтақасида биринчи марта ўтказилмоқда. Иккинчидан, ушбу тадбир араб дунёсида амалга оширилаётган биринчи бундай катта миқёсдаги тадбир ҳисобланади. Унда 192 давлат иштирок этиб, улардан ҳар бирининг ўз павильони мавжуд. Бу ҳам бутунжаҳон кўргазмаларининг 170 йиллик тарихида биринчи марта юз беришидир.
Expo кўргазмаси ҳар 5 йилда ўтказиб келинади. Биринчи бутунжаҳон кўргазмаси 1851 йилда Лондонда бўлиб ўтган. 2015 йилда уни Милан қабул қилганди. Ўшанда тадбирда 145 давлат иштирок этган ва 22,2 млн киши ташриф буюрган. Expo 2020’ни ўтказишга Дубайдан ташқари Сан-Паулу (Бразилия), Измир (Туркия) ва Екатеринбург (Россия) ҳам даъвогарлик қилганди.
Навбатдаги Expo 2025’ни Япониянинг Осака шаҳри қабул қилишга тайёрланмоқда.