Бу таълим маскани ўқитувчиларини нафақат устоз деб, балки имконияти чекланган шогирдларини орзулар сари интилиб, эртанги яхши кунларга ишонишга, дунёни тафаккур ва тасаввур билан англашга кўмак берувчи фидойилар деб аташ мумкин.

Биз Асакадаги 16-сонли имконияти чекланган кўзи ожиз болалар учун ихтисослашган мактаб-интернатидамиз.

Мазкур ихтисослашган мактабда 171 нафар имконияти чекланган болажонга 74 нафар ўқитувчи ва тарбиячилар таълим-тарбия бериш билан бирга, ҳаёт сўқмоқларида қоқилмай яшаш сирларини ўргатадилар.

Биз таълим даргоҳидаги ўзига хос тарбия бериш услублари ва ўқувчиларнинг ҳаёти билан танишдик.

“Ота-оналар болаларининг кўзлари ногирон бўлиб туғилганликларидан қаттиқ изтиробга тушишади. Минг ўй билан бизнинг мактабга олиб келишгач, орадан кўп вақт ўтмай фарзандининг билим олишдаги кичик муваффақиятлари уларни қувонтириб, боласининг келажаги ҳақида ўйлай бошлашади.

Менинг ўқувчиларим жудаям сезгир, иқтидорли ва ғайратли. Бир ўқувчи қизим уйида қўшни қиз билан дарахтнинг қандай экани ҳақида баҳслашиб кетибди. Ота-она уни зимдан кузатиб турган экан. Ўқувчим дарахтни шундай тасвирлаб берибдики, ҳатто ёнидаги кўзи соғлом ўртоғи дарахтнинг бундай чиройлилигини ақлига ҳам сиғдира олмаган экан. Ота-она менинг олдимга келиб, боласининг шундай гаплар гапирганидан, дарахтни шундай тасвирлаб берганидан хурсанд бўлди ва раҳмат айтди”, – дейди бошланғич синф ўқитувчиси Солияхон Раҳимова.

Солияхоннинг синфидаги дарс жараёнида бўлиб, ўқитувчи ёрдамида болаларнинг турли предметларни сўз орқали қандай тасвирлаганига гувоҳ бўлдик. Болалар дарсда жуда фаол қатнашишади. Уларнинг билимга чанқоқлигидан ҳайратланиш мумкин.