22:19 / 03.10.2021
11487

Саакашвилини Грузияга трейлер ҳайдовчиси яширин тарзда олиб келган - ОАВ

Грузиянинг собиқ президенти Михаил Саакашвили Украинадан ўз ватанига юк машинасида яширинча тарзда етказилган. Бу ҳақда Cnews портали юк машинаси ҳайдовчиси қариндошига таяниб хабар берди.

Таъкидланишича, сиёсатчини Грузияга Элгужа Цомая исмли ҳайдовчи ўз трейлерида олиб келган. У ўз машинасида Грузиядан Украинага кўкат ташиш билан шуғулланади. Манбанинг айтишича, Саакашвили бутун йўл давомида машинанинг шамоллатиш бўлмасида ўтирган.

1 октябрь эрталаб Саакашвили ижтимоий тармоқларда Грузияга келганини ва Батумида эканини маълум қилган. Кечга яқин эса Грузия бош вазири Ираклий Гарибашвили сиёсатчи ҳибсга олингани ҳақида хабар берган. Унинг таъкидлашича, Грузия ҳуқуқ-тартибот идоралари Саакашвилининг Украинадан Грузиягача ҳаракатланиши ҳақида маълумотга эга бўлган.

Грузияда Саакашвили бир нечта жиноий иш бўйича айбдор деб топилган ва уларнинг иккитаси бўйича сиртдан жазо ҳукмига тортилган. Жумладан, у президент бўлган вақтда ўз ваколатларини суиистеъмол қилганликда айбланади.

Аввалроқ Саакашвили “Грузияни қутқариш учун ватанига қайтишини”, шу сабабли мамлакатда ўтадиган сайловлар куни - 2 октябрга Тбилисига авиачипта сотиб олганини маълум қилганди. Ўз навбатида, республика раҳбарияти сиёсатчи Грузияга қайтгудек бўлса, уни турма кутаётганини айтган.

Top