14:10 / 04.10.2021
12133

Чилонзорда кўп қаватли уйдаги газ портлаши бўйича қўшимча тафсилотлар берилди

Тошкент шаҳрининг Чилонзор туманидаги янги кўп қаватли уйдаги газ портлаши квартиралардан бирининг эгаси газ тизимига ўзбошимчалик билан улангани оқибатида рўй берган. «Ҳудудгазтаъминот» маълумотига кўра, ушбу кўп қаватли уй ҳали фойдаланишга топширилмаган бўлган.

Фото: Kun.uz

«Ҳудудгазтаъминот» матбуот хизмати Чилонзор туманидаги 7 қаватли «новостройка»да 4 октябрга ўтар кечаси рўй берган газ портлаши юзасидан маълумот берди.

ФВВ маълумотларига кўра, ҳодиса оқибатида ҳеч ким жабрланмаган, фақат бир неча квартира шикастланган.

Фото: «Ҳудудгазтаъминот»

«Ҳудудгазтаъминот» бу уй қурилиши ҳали якунланмаган бўлгани ва фойдаланишга топширилмагани ҳақида маълум қилган. Шу сабабли ташкилот газ тизимига уланишга рухсат бермаган.

«Уй қурилиши ҳали тугалланмаганлиги ва янги бино фойдаланишга топширилмаганлиги сабабли, газ таъминоти ташкилотлари томонидан газни улашга рухсат берилмаган. Дастлабки маълумотларга кўра, хонадон эгаси уйни газлаштириш бўйича пайвандлаш ишларини олиб бориш учун пайвандчини жалб қилган ва газ таъминоти тизимига ўзбошимчалик билан уланган», дейилади маълумотда.

Фото: «Ҳудудгазтаъминот»

Тошкент шаҳар ИИББ мазкур ҳолат бўйича Жиноят кодексининг 257-моддаси 2-қисми «б» банди («Меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш») бўйича жиноят иши қўзғатилди.

3 октябрь куни 22:13ларда Тошкент шаҳар ФВВ Ёнғин хавфсизлиги бошқармасининг фавқулодда хизмати Чилонзор тумани «Боғизор» МФЙда жойлашган кўп қаватли уйга ёнғин ҳақидаги чақирув бўйича етиб келишган.

Аниқланишича, Чилонзор тумани, 7-мавзе, 59-уйнинг 2-кириш йўлаги, 2-қавати, 36-хонадон ошхонасида ўрнатилган газ қурилмаларидан маиший газ сизиб чиқиб тўпланиши ва газ-ҳаво аралашмасининг чақнаши оқибатида портлаш содир бўлган.

Жабрланганлар йўқ. Воқеа юз берган куни шикастланган уйларда яшаган 17 киши вақтинчалик меҳмонхонага жойлаштирилган.

Top