Ўзбекистон | 11:41
2186
2 дақиқада ўқилади

Газ учун тўловлар белгиланганидан кўп ҳисобланяпти. «Ҳудудгазтаъминот» изоҳ берди

Табиий газ сарфининг иситиш мавсуми учун белгиланган 500 куб метрлик базавий меъёри Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида 2026 йилнинг 15 мартига қадар узайтирилганди. Истеъмолчилар 100 куб метрдан кейин тўлов ҳар куб метр учун 1800 сўмдан ҳисобланаётганидан шикоят қилишяпти. «Ҳудудгазтаъминот» ҳисоб-китоблар қайта кўриб чиқилишини маълум қилди.

Фото: Kun.uz

Аҳоли хонадонларида табиий газ сарфининг иситиш мавсуми учун белгиланган 500 куб метрлик базавий меъёри Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида 2026 йилнинг 15 мартига қадар узайтирилганди.

Энергетика вазирлиги хабарига кўра, янгиланган об-ҳаво прогнозларидан келиб чиқиб шундай қарорга келинган. Совуқ ҳаво массаси фақат шимолий ҳудудлар эмас, республиканинг бошқа ҳудудларига ҳам кириши эҳтимоли бор. 500 кубометрлик базавий меъёр масаласи 15 мартдан кейин об-ҳаво шароитига қараб яна кўриб чиқилиши мумкин.

Юқоридаги ҳолат бўйича Kun.uz’га бир қатор мурожаатлар келяпти. Истеъмолчиларнинг таъкидлашича, газ нархи 100 куб метрдан кейин баъзавий меъёр доирасидан ташқарида деб ҳисобланяпти. Хусусан, март ойида 162 куб метр газ ёқилган хонадонда 62 метр куб учун 1800 сўмдан тўлов ҳисобланган ва абонент ҳисобидан 111 минг 600 сўм ечиб олинган.

Юқоридаги ҳолат бўйича «Ҳудудгазтаъминот» АЖ қўшимча изоҳ берди ва ҳисоб-китоблар қайта амалга оширилишини маълум қилди.

«Табиий газ учун ҳисоб-китоблар юқоридаги ўзгаришларга мувофиқ қайта ҳисобланиб, истеъмолчилар шахсий ҳисобварақларида тўғри акс эттирилиши таъминланади. Об-ҳаво шароитидан келиб чиқиб, зарур ҳолларда март ойининг иккинчи ярмида ҳам қўшимча чоралар киритилиши мумкинлигини инобатга олиб, биллинг тизимида мазкур тартиб асосида ҳисоб-китобларни тўғри акс эттириш бўйича техник ўзгартиришлар киритилади», дейилади расмий муносабатда.

Достон Аҳроров
Тайёрлаган Достон Аҳроров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид