Туркистон мухторияти асосчиларидан бири: 91 йил деганда оқланган Носирхон тўра ким эди?
Совет даврида қатағон қилинган, бироқ шу кунгача реабилитация қилинмай қолиб кетган 115 нафар ўзбекистонлик шу йилнинг 25 август куни Олий суд томонидан оқланди. Оқланганлар орасида Туркистон мухториятининг маориф вазири бўлган, истиқлолчилик ҳаракатининг ғоявий раҳбарларидан бири Носирхон тўра Камолхон тўра ўғли ҳам бор.
Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи катта илмий ходими, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори Баҳром Ирзаев Носирхон тўранинг ибратли умр йўли ҳақида ҳикоя қилиб берди.
1871 йили Наманган вилоятининг ҳозирги Косонсой туманида туғилган Носирхон илк сабоқни Намангандаги мадрасалардан бирида мударрислик қилган отасидан олган. Сўнгра таҳсилни Наманган ва Бухородаги мадрасаларда, кейинчалик Кобул, Деҳли, Бағдод ва Ҳижоз шаҳарларида давом эттирган.
Туркистонга қайтгач, Намангандаги Мавлавий ва Мулла Қирғиз мадрасаларида бош мударрис бўлиб фаолият юритган ва кўплаб илм толибларига тафсир, ҳадис, фиқҳдан сабоқ берган. 1912 йили Наманган шаҳрига қози этиб тайинланган. Носирхон тўра 1913 йилдан бошлаб жадидчилик ҳаракатида фаол қатнашган. Шунингдек, у 1917 йилнинг 26-29 ноябр кунлари Қўқон шаҳрида бўлиб ўтган Ўлка мусулмонларининг тўртинчи қурултойида қатнашади ва Туркистон мухторияти ҳукумати аъзоси – маориф вазири этиб сайланади.
“1913 йилда у киши Ҳаж сафарига боради ва бу сафар асносида дунёдаги аҳволдан хабар топади. Ҳаждан қайтиши билан мударрисликдан ташқари Туркистонда кенг қамров олаётган жадид тараққийпарварлик ҳаракати ғояларининг тарғиботчисига айланади. Жадид мактаблари ва муаллимларига ҳомийлик қила бошлайди.
Ўша йиллар ҳақида Боймирза Ҳайит ўзининг китобида: “Носирхон тўра Туркистон мухториятининг эълон қилинишида жуда катта ҳаракатни амалга оширди”, деб ёзади. Ашурали Зоҳирий ўз хотираларида: “Агар Носирхон тўра ташаббус кўрсатмаганда эди, Туркистон мухторияти эълон қилинган 4-қурултой чақирилмаган ҳам бўларди”, деб эслайди. Шу тарзда наманганлик аллома 72 кун яшаган бўлса-да, тарихимизда катта мавқега эга бўлган мухториятнинг ташкил этилишига бош-қош бўлади”, дейди Баҳром Ирзаев.
Советлар ҳокимияти уч ой ўтмаёқ янги мухториятни қонга ботиради. Қонуний ҳукумат аъзоларини таъқиб этиш билан қаноатланмай, Қўқон шаҳрига ҳужум уюштириб, ўн мингга яқин аҳолининг ёстиғини қуритади. Ҳукумат ва Маслаҳат Шўроси аъзоларидан элликка яқин одам қамоққа олинади. Мустафо Чўқайнинг ёзишича, Носирхон Тўра Наманганда большевиклар қўлига тушади ва умумий афв эълон қилингач озод этилади ҳамда маълум вақт яширин ҳаёт кечиради.
“Мухториятнинг ҳукумат аъзолигига сайланган Носирхон тўра Наманган ва Фарғонада бўлиб ўтган 60 минг, 100 минг кишилик намойишларни ташкил этиб, халқни Туркистон мухториятини қўллаб-қувватлашга илҳомлантиради. Большевиклар томонидан бу ҳукумат қонга ботирилганидан сўнг эса Катта Эргаш, Муҳаммад Аминбекнинг раҳнамоси сифатида, истиқлолчилик ҳаракатининг ғоявий оталаридан бири сифатида фаолият олиб боради. Эрк ва озодлик учун қўлига қурол тутган инсонлар Носирхон тўранинг маърузалари таъсирида, у ёзган нашидаларни куйлаб ҳаёт-мамот жангларига киришади.
1920 йилга келиб советлар умумий афв эълон қилганидан кейин Носирхон тўра тинч ҳаётга қайтади ва 1923 йилгача Наманганда “Маҳкамаи шария” (Шариат суди) идорасига раҳбарлик қилади”, дейди Баҳром Ирзаев.
Носирхон тўра 1924 йили Косонсойда Батраклар уюшмасини мустамлакачилар ва уларнинг малайларига қарши оёқлантиргани учун деҳқонларнинг оммавий чиқишлари бутун Фарғона уездига ёйилиб кетади. Бундай фаолият босқинчиларга албатта ёқмас эди. Шунинг учун советлар ҳокимияти халқ орасида обрўйи ошиб кетаётган йирик уламо ва сиёсий арбобдан қутулиш чораларини излай бошлади. 1925 йили Носирхон тўра “советларга қарши сиёсий фаолият олиб боргани учун” деган сохта айблар билан махсус учлик қарорига кўра ҳибсга олиниб, Оренбургга сургун қилинади.
“1923–24 йилларда у Батраклар иттифоқи деб номланган камбағал-деҳқонлар жамияти фаолиятига аралашади ва азалдан исломда мавжуд бўлган вақф хўжалиги ҳақидаги тажрибаларини ушбу жамиятда жорий қилади. Натижада қисқа муддатда Батраклар иттифоқи ундаги адолат маъқул келади ва одамлар Батраклар иттифоқини ташлаб Носирхон тўранинг атрофида тўплана бошлайди.
Бундан ташвишга тушиб қолган совет маъмурлари нима қилиб бўлмасин Фарғона водийсидан Носирхон тўрани чиқариб юбориш керак деган хулосага келади ва натижада 1925 йилнинг августида Носирхон тўра Саид Камолхон тўра ўғли Самарқандга чақирилиб, қамоққа олинади ва бир қанча бўҳтонларга асосланиб, учлик қарори билан Оренбургга сургун қилинади.
Наманган, умуман, водий аҳлининг кўплаб аризалари натижасида Носирхон тўра 1928 йилнинг 10 августида Оренбург сургунидан қутулиб ватанга қайтишга рухсат олади. У кишининг Наманганга қайтиб келиши нафақат водий халқи, балки тоғ ва даштда яшовчи минглаб қирғиз ва қозоқлар учун ҳам байрамга айланиб кетади, унинг зиёратига бутун водий аҳли оқиб келади. Айниқса, алломанинг шогирдлари Олтинхон тўра, Сайид Мубашширхон тўранинг устозининг зиёратига келиши халқни ниҳоятда тўлқинлантириб юборади. Бу воқеалардан ташвишга тушган совет маъмурлари Носирхон тўра ҳақида жиддийроқ режаларни ишлаб чиқа бошлайди”, дейди Баҳром Ирзаев.
Советлар ўлкада катта обрў ва таъсир доирасига эга бўлган уламони бир лаҳза бўлсин тинч қўйган эмас. Хонадони, ўзи ва оила аъзолари муттасил кузатувда бўлган. Махфий хизмат идораларида сақланаётган ҳужжатларда Носирхон тўранинг Туркистоннинг Наманган, Қўқон, Тошкент, Ўш, Тароз, Чимкент каби шаҳарларидаги ҳар бир қадами, кимлар билан учрашгани, нималар ҳақида суҳбатлашгани ҳақидаги кўплаб маълумотлар қайд этиб борилган.
Носирхон тўра ҳақида ҳар қандай хабар келтирганларга мукофотлар ваъда қилинган. Бу ишлар ўз самарасини бериб, мамлакатдан бош олиб кетаётган атоқли олим сотқинлар берган хабар ортидан советлар томонидан қўлга олинади.
Носирхон тўра СССРнинг давлат хавфсизлиги бўйича махсус органи учлигининг 1930 йил 27 ноябрдаги йиғилиши қарори билан отишга ҳукм қилинган. У билан бирга яна кўплаб кишиларга ўлим жазоси берилган. Давлат арбоби 1931 йилнинг 13 мартида Тошкент шаҳрида қатл этилади.
Носирхон тўра диний илмлар қатори дунёвий билимлардан ҳам яхши хабардор бўлиб, унинг Ислом асосларига оид рисолаларидан ташқари тарих, фалсафа каби фанларга доир асарлар ҳам ёзгани маълум. Олимнинг йирик “Туркистон тарихи” асари ўлкамизнинг узоқ йиллик тарихини қамраб олгани билан аҳамиятлидир.
Носирхон тўранинг шогирдларидан йирик дин олимлари, миллатпарвар ва маърифатпарвар арбоблар етишиб чиққан. Хусусан, 1894–1992 йилларда яшаб ўтган Саййид Маҳмуд ибн Саййид Назир Тарозий Туркистонда Олтинхон тўра номи билан машҳур бўлиб, у йирик олим, адиб, таржимон эди. 1932 йили советлар тузуми тазйиқи туфайли ҳижратга кетган Олтинхон тўра Афғонистон, Ҳиндистонда, кейин эллик йил мобайнида Макка ва Мадина шаҳарларида яшаган. Масжидул-Ҳаром ва Масжидун-набавийда мударрис бўлган. Қуръони карим маъноларини илк бор ўзбек тилига таржима ва тафсир қилган, бир қанча китоблар ёзиб, кўплаб китобларни арабчадан ўзбек тилига ўгирган.
Носирхон тўранинг яна бир шогирди Абу Наср Саййид Мубашшир Тарозий 1896–1977 йилларда яшаб ўтган. У ҳам таниқли уламо ва адиб бўлиб етишган. Унинг «Қуръон ва нубувват» китоби совет ҳокимияти томонидан мусодара қилинган. Саййид Мубашширхон тўра Тароз шаҳрида диний идора очган, мактаблар ташкил этган. Таъқиб кучайгач, 1930 йили ватанни тарк этиб, Афғонистон ва Мисрда муҳожирликда яшаган. Унинг ислом фиқҳи ва тарихига оид 47 та асари бор.
“Советлар Носирхон тўрани қидириб топиш ва қўлга олиш жараёнида юзлаб одамни йўқ қилиб юборишгани, улардан маълумот олиш учун инсон зоти чидай олмайдиган қийноқларни қўллагани, ҳатто уларнинг оилалари, қизлари, фарзандларига нисбатан қаттиқ зулм қилинганини кўрган туркистонлик илм аҳли шўровийларнинг қанчалик қаттол эканини англаб етди ва тақдирларига тан беришга мажбур бўлишади.
Носирхон тўра умрининг сўнгига қадар ўзининг ғояси учун, ўзи ишонган, ўзи суянган иймони йўлида шаҳодатни ҳеч қандай иккиланишларсиз қабул қилади. Бизнинг тарихимизда яшаб ўтган шундай бир инсон мустақиллигимизнинг 30 йиллиги арафасида оқланди ва ишонаманки келажакда бу инсоннинг номини абадийлаштириш, илмий ва ижодий меросини, фаолиятини ўрганиш масаласида катта изланишлар олиб борилади”, дейди Баҳром Ирзаев.
Тўлиқ видеони Kun.uz’нинг YouTube’даги каналида томоша қилинг.
Жамшид Ниёзов тайёрлади.
Тасвирчи ва монтаж устаси –
Абдусалим Абдувоҳидов.
Мавзуга оид
19:55 / 23.12.2024
Унутилган қаҳрамон. Миллий озодлик ҳаракати раҳбари Мадаминбек ким эди?
14:59 / 15.12.2024
КГБни доғда қолдирган аёл – Сталиннинг қизи нега АҚШга қочиб кетганди?
14:37 / 08.12.2024
КГБ бошлиғидан давлат раҳбарига айланган шахс – қаттиққўл Андропов суиқасд қурбони бўлганми?
12:13 / 07.12.2024