20:34 / 06.10.2021
49568

UzAuto’нинг янги Cobalt’ида нуқсон аниқланди, унинг бўёқлари кўча бошлаган

Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги янги автомобилдаги нуқсонлар туфайли истеъмолчи мурожаати асосида UzAuto Motors АЖга сўров хати юборди. Истеъмолчига нуқсонли автомобил худди шундай маркали автомобилга алмаштириб берилган.

Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги янги сотиб олинган автомобилда кузатилган нуқсонлар юзасидан истеъмолчи мурожаатини ўрганганини маълум қилди.

Агентликнинг маълум қилишича, Тошкент вилоятининг Янгийўл туманида яшовчи фуқаро жорий йилнинг 29 май куни Cobalt GX/16 ATB-PLUS русумли автомобилни сотиб олган ва бир ой ўтиб машинанинг кузов қисмида бир нечта нуқсонлар мавжудлиги маълум бўлган.

Ҳолат юзасидан истеъмолчи биринчи навбатда Lux Auto Motors МЧЖ автосалонига мурожаат қилади, улар эса ўз навбатида сервис марказига юборишади. Аммо янги автомобилни бўяш ва таъмирлаш ишлари ижобий натижа бермагач, истеъмолчи автосалонга ва ишлаб чиқарувчига бир неча маротаба мурожаат қилади. 

“Истеъмолчининг муаммони ҳал қилиш мақсадидаги охирги манзили Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигининг Тошкент шаҳар ҳудудий тузилмаси бўлди. Истеъмолчининг 23 августда қилган мурожаати юзасидан Uzauto Motors АЖ ва Lux Auto Motors МЧЖларга тегишли сўров хатлари юборилиб, мурожаат “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 13 февралдаги 75-сонли қарори талабларидан келиб чиққан ҳолда ўрганиб чиқилди.

Ўрганиш давомида масала ойдинлашди ва нуқсонли автомобил 10 сентябр куни худди шундай маркали автомобилга (қиймати 116 млн сўм) алмаштириб берилди”, – дейилади агентлик хабарида.

Аввалроқ ярим йилда Ўзбекистонда 5,7 млн истеъмолчининг ҳуқуқ ва манфаатлари бузилгани маълум қилинганди.

Top