Тажриба: қайсида тезроқ - велосипед ёки жамоат транспорти?
«Қизил танга» жамоаси «Ким тезроқ: велосипедми ёки жамоат транспорти?» номи остида тажриба ўтказди. Тажрибага кўра икки талабанинг бири велосипедда, иккинчиси автобусда А нуқтадан Б нуқтага бир вақтнинг ўзида йўлга тушишди.
Музаффархон Тошкент давлат иқтисодиёт университети 2-босқич талабаси.
«Ҳар куни эрталаб бир неча километрга велосипедда бориб келаман. Энг аввало, танамга куч-қувват киради, кайфиятим ҳам кўтарилади. Умуман олганда, велосипедда учиш жуда зўр машғулот. Аммо буни айримлар тушунишмайди», дейди тажриба иштирокчиси.
Мадина эса Ўзбекистон Миллий университети 1-босқич талабаси. У тажрибада иштирок этишга рози бўлар экан, ҳар куни ўқишга автобусда бориши, уйга ҳам айнан мана шу транспорт воситаси орқали қайтиши ҳақида айтди.
«Чунки йўналиши қулай. Чипта нархи арзон. Тўғри, айрим пайтлар кечикиб келади. Кутавериб бекатда зерикиб ҳам кетаман», дейди у.
Тажрибанинг шарти оддий эди. Икки иштирокчи бир вақтнинг ўзида автобус бекатидан бироз йироқда йўлга тушишди. Энг асосийси, манзилга етиб олиш.
Велосипед ҳайдовчисига бироз қийин бўлиши тайин эди. Чунки шаҳар кўчаларида велосипед учун махсус йўлакчалар жуда кам. Катта автомобил йўлида эса хавфсизлик чораларини кўриш ва йўлда эҳтиёт бўлиб ҳаракатланиш лозим.
Қайд этиш жоиз, хорижда, айниқса, Европада велосипедда ишга, ўқишга бориш оддий ҳолат. Улар узоқ масофага айнан мана шу транспорт воситасида қатнашни маъқул кўришади. Чунки велосипедда ҳаракатланиш инсон саломатлиги учун ҳам жуда фойдали. Ўзбекистон аҳолисининг аксар қисми автобусда юришни афзал кўради. Аммо кўп ҳолларда автобус ичи йўловчилар билан тўла бўлади. Чунки эрта тонгдан ҳамма ишга ёки ўқишга шошади. Автобусдаги барча ўриндиқлар банд бўлса ҳам, одамлар манзилига тезроқ етиб олиш учун тиқилинчга қарамай автобусга чиқаверишади.
Тажрибага қайтадиган бўлсак. Иштирокчилар 4 км масофани 15 дақиқа ичида босиб ўтишди - велосипед ҳайдовчиси автобус билан бир вақтда кўзланган манзилга етиб келди.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, агар шаҳримизнинг барча ҳудудларида велосипед йўлаклари бўлса, бу транспорт воситасида ҳаракатланиш янада қулайроқ, тезроқ ва хавфсизроқ бўлар эди. Шунда кўпроқ одамлар иш ёки ўқишга қатнашда велосипедни танлашади. Шаҳар аҳли эса бундан фақат фойда кўради: экологияга камроқ зарар берилиб, жамоат транспортида камроқ низолар бўлади, соғлом ва бахтиёр одамлар сони кўпаяди.
Мавзуга оид
16:35 / 23.12.2024
1 январга ўтар кечаси Тошкент метрополитени иш жадвали 2 соатга узайтирилади
16:14 / 14.12.2024
Тошкент автобусларида нақд шаклда тўлов қабул қилиш тўхтатилади
17:00 / 07.12.2024
Тошкент шаҳри автобусларида нақд пул ўрнига қандай тўлов қилиш мумкинлиги тушунтирилди
12:29 / 30.11.2024