Бугун хоҳ якка тартибда уй-жой қурган жисмоний шахc, хоҳ юридик шахс мақомидаги корхона эгаси бўлсин кўча масаласида хоҳлаганини қиляпти. Истаса, пиёдалар йўлакчасини тўсиб, ўзи эгалик қилаётган бинонинг атрофини кўча четигача панжара билан ўраб олаяпти, хоҳласа, айвон қилиб қўйган. Унга чора кўрадиган ташкилотнинг эса ўзи йўқ.
1-мисол.
2020 йил 11 ноябр куни Kun.uz’да «Ургутдаги «тез ёрдам»га тез бориб бўлмаяпти. Тор йўлни ким кенгайтиради?» сарлавҳали танқидий мақола берилганди. Унда Ургут туман тиббиёт бирлашмасига қарашли туғруқ ва тез тиббий ёрдам мажмуаларига олиб борадиган йўлнинг торлиги, пиёдалар йўлакчаси йўқлиги, оқибатда одамлар (беморлар ҳам) йўлнинг қатнов қисмидан юришга мажбур бўлаётгани танқид қилинганди. Шунингдек, бу ҳолат туғруқ ва тез тиббий ёрдам мажмуаларига бемор олиб келаётган тез тиббий ёрдам машиналари ҳамда бошқа ҳайдовчиларининг ҳаракатланишига халақит бераётгани айтилганди.


Ургутдаги касалхона атрофида йўлнинг бир тарафи бўлмиш пиёдалар йўлакчаси ўрни аҳоли вакиллари томонидан, иккинчи тарафи эса туман тиббиёт бирлашмаси томонидан панжара билан ўраб олинган. Ўшанда мақола ёзилиши арафасида туман тиббиёт бирлашмаси раҳбари Дилшод Тоғаев ҳолат юзасидан изоҳ берган ва туман тиббиёт бирлашмаси аввалдан эгалик қилиб келган ҳудудни панжара билан ўраб олганини айтган.

Мақола эълон қилингач, Ургут туман ҳокимлиги унга муносабат билдирган ва ҳолат бўйича ишчи гуруҳ тузилгани, тез орада туғруқ ва тез тиббий ёрдам мажмуаларига кирадиган йўлда пиёдалар йўлакчаси очиб қўйилиши айтилганди. Муносабатда Ургут шаҳрининг бош режасига кўра, тез тиббий ёрдам ва туғруқ мажмуаларига кирадиган йўл 20 метр қилиб кенгайтирилиши, бу масалада пиёдалар йўлакчаси ўрнини эгаллаб олган фуқароларга огоҳлантириш берилгани ва улар беш иш кунида ноқонуний қурилмаларни бузиб олиши маълум қилинган.












