Ўзбекистон | 20:11 / 08.10.2021
13298
4 дақиқада ўқилади

Алишер Қодиров Хоразмда сайловчилар билан учрашди. Учрашувда айтилган энг муҳим фикрлар қисқа тезисларда

7 октябрь куни Ўзбекистон президентлигига номзод Алишер Қодиров Хоразм вилоятида сайловчилар билан учрашув ўтказди. Партия матбуот хизмати Қодировнинг сайловолди учрашуви давомида айтган фикрларини қисқа тезис шаклида тақдим этди.

Фото: «Миллий тикланиш» партияси

Номзодларга босим йўқлиги ҳақида

Учрашув давомида Алишер Қодиров хоразмлик сайловчиларни ўз дастури билан таништирар экан, бугун президентликка номзодларга тарғибот-ташвиқот ишлари учун бир хил ва тенг шароитлар яратилганини таъкидлади.

«Бугунги Ўзбекистонда сайловни юқори даражада ўтказишга сўнгги йилларда тубдан ўзгарган ҳокимиятнинг босими эмас, сайловчининг лоқайдлиги ёки сиёсий тафаккурининг заифлиги халақит бериши мумкин», – деди у.

«Ҳалолликни фарзандларимиз тарбиясига сингдиришимиз керак»

Президентликка номзод мамлакатда коррупцияга қарши кураш ҳақида гапирар экан, унга қарши курашни, аввало, оилада. Фарзандлар тарбиясидан бошлаш кераклигини таъкидлади.

«Коррупция билан курашяпмиз, лекин тамагир онг остини жазо билан ўзгартириб бўлмайди. Ҳалолликни аввало оилада, сўнгра боғчада фарзандларимиз тарбиясига сингдириб юборилиши керак», – деди Қодиров.

Фото: «Миллий тикланиш» партияси

«Иқтисодий ривожланиш учун қадриятлар қурбон қилинмаслиги керак»

Номзоднинг фикрича, тажриба қадриятларини, маданиятни ва ибратли анъаналарини унутган жамиятлар тўла бахтли бўла олмаётганини кўрсатмоқда.

«Шу боисдан иқтисодий ривожланиш учун қадриятлар қурбон қилинмаслиги керак», – таъкидлади у.

«Машҳур олийгоҳлар талабаларининг ихтироларидан катта даромад кўради»

Алишер Қодировга кўра, дунёдаги машҳур олий таълим муассасалари чиқараётган талабаларининг ихтироларидан катта даромад кўради, малакали мутахассислар етиштириб обрў қозонади. Бу тажрибани эса Ўзбекистондаги ОТМларга ҳам олиб кириш вақти аллақачон келган.

«Олий таълим даргоҳи ёшларни тарбия қиладиган эмас, мамлакат тараққиёти учун ташаббуслар, ғоялар ва малакали мутахассислар етказиб берадиган жой бўлиши керак», – дейди номзод.

«Киноиндустрия кучли мафкура, тарғибот қуролидир»

«Миллий тикланиш» партиясидан Ўзбекистон президентлигига номзод сайловчилар билан учрашуви давомида мамлакатда санъат, жумладан, кино ҳақида ҳам фикрларини билдирди.

«Киноиндустрия бу тадбиркорлик, молиявий фойда манбаи эмас. Бу кучли мафкура, кучли тарғибот қуролидир. Миллий киноларимизни ўзлигимизни, маънавиятимиз ва қадриятларимизни бутун дунёга кўрсатиб берадиган тарғибот машинасига айлантиришимиз керак», – дейди у.

Қодиров ижтимоий тармоқларда ўзига билдириладиган танқидлар ҳақида

Сайловчилар билан учрашув давомида Алишер Қодировга ижтимоий тармоқларда ўзига нисбатан билдириладиган танқидий фикрлар борасида савол берилди.

Номзодга кўра, бу танқидий фикрлар тармоқ фойдаланувчиларининг асосий фикр қолиб, «иккинчи даражали» изоҳларга оғиб кетиши натижасидир.

«Ижтимоий тармоқ бугуннинг ҳам фойдали, ҳам хавфли қуролига айланди. Асосий фикр ва таклифлар четда қолиб, тескари талқин қилинган фикрлар, мавҳум аккаунтлардан уюштирилган муносабатлар, махсус ботлар, одамларнинг ғазабини келтирадиган провокацион контекстлар менга нисбатан негатив муносабатларнинг шаклланишига сабаб бўлмоқда», – дейди у саволга жавобан.

Алишер Қодировнинг сайловчилар билан учрашувлари давом этмоқда.

Мавзуга оид