Ўзбекистон | 15:21 / 08.10.2021
8034
2 дақиқада ўқилади

Амур областидаги газни қайта ишлаш заводида ёнғин содир бўлди

Ушбу завод қурилишида кўплаб ўзбекистонликлар ишлайди. Ёнғиндан жабрланганлар йўқ.

8 октябр куни Россиянинг Амур вилояти Благовешенск шаҳри яқинида қурилаётган газни қайта ишлаш заводида ёнғин содир бўлди.

Вилоят прокуратураси ахборотига кўра, заводдаги қурилма герметизациясига путур етган, натижада газ сизиб чиқиши ёнғинни келтириб чиқарган.

Маълум қилинишича, ёнғиндан жабрланганлар йўқ, ҳодиса вақтида ёнғинни ўчириш автоматик тизими ишга тушган. Шундай бўлса-да, ижтимоий тармоқларда тарқалган видеолардан олов завод қурилмаларининг бир нечтасини қамраб олганини кўриш мумкин.

Заводда қурилиш ишларида қатнашаётган ўзбекистонлик муҳожирнинг Kun.uz'га хабар беришича, ёнғин натижасида заводда ваҳима кўтарилган ва барча ишчилар заводни тарк этишга тушган. Унинг қўшимча қилишича, завод газ маҳсулотини Хитойга экспорт қилишга мўлжалланган ҳамда қурилишда ишлаётган ўзбек муҳожирлари кўпчиликни ташкил этади.

Яна бир ўзбекистонлик муҳожирнинг таъкидлашича, ёнғин оқибатида жабрланганлар ва ҳалок бўлганлар ҳам бор бўлиб, уларнинг сони ҳозирча аниқ эмас.

Амур вилояти прокуратураси заводда саноат ва ёнғин хавфсизлиги бўйича қонунчилик талабларига риоя қилинганини ўрганмоқда.

Мавзуга оид