07:31 / 08.10.2021
4286

Ҳиндистон 15 октябрдан сайёҳларга келишга рухсат берди

Ҳиндистон ички ишлар вазирлиги 15 октябрдан мамлакатга чартер рейслар билан келувчи хорижликларга сайёҳлик визалари беришни бошлайди. Шу билан бирга вазирликда таъкидланишича, Ҳиндистонга чартер рейслар билан келмайдиганларга визалар бир ой кейинроқ - 15 ноябрдан берилади.   

Фото: globestravel

Мамлакатга келувчилар, уларни етказувчи компаниялар Ҳиндистонда коронавирусга қарши амал қилувчи барча меъёрлар ва баённомаларга риоя қилишлари лозим. 

Ҳиндистон ҳукумати пандемия сабабли 2020 йил мартдан барча туристик визалар берилишини бекор қилганди. Айни вақтда хорижликлар мамлакатга амалий, тиббий ёки бошқа виза билан келишлари мумкин

Маълумотларга кўра, мамлакатда 50 млнга яқин одам туристик соҳада фаолият юритган. Туризмнинг мамлакат иқтисодиётига қўшадиган ҳиссаси ялпи ички маҳсулотнинг 10 фоизини ташкил қилган. Жумладан, Гоа штати Ҳиндистоннинг хорижликлар энг кўп ташриф буюрувчи жойларидан бири бўлган.

Маълум қилинишича, Ҳиндистонга келувчи сайёҳлар хорижий паспортга ва ташрифдан олдин 72 соат ичида олинган манфий ПЗР-тестга эга бўлишлари керак. Бу коронавирусга қарши эмланганларга ҳам тааллуқли бўлади. 

Аввалроқ Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди чегаралар очилгандан кейин биринчи 500 мингта туристик виза бепул берилишини маълум қилганди.

Top