Ўзбекистон | 19:42 / 11.10.2021
5064
2 дақиқада ўқилади

Алишер Қодиров ўзбек тилини кенг қўлланиладиган, замонавий тараққиётга уйғун тилга айлантиришга ваъда берди

Ўзбекистон президентлигига номзод Алишер Қодиров ўз сайловолди дастурида ўзбек тилини кенг қўлланиладиган, замонавий тараққиётга уйғун тилга айланиши учун ҳуқуқий асослар кучайтирилишини маълум қилди.

Фото: "Миллий тикланиш" демократик партияси

«Ўзбек тили кенг қўлланиладиган, замонавий тараққиётга уйғун тилга айланиши учун ҳуқуқий асослар кучайтирилади.

 Бунда:

  • Ўзбек тилида иш юритадиган бошқа миллатли фуқаролар маошига 25 фоизгача устама тўланади;
  • Соҳага алоқадор илмий адабиётлардан бирини ўзбек тилига таржима қилиш илмий унвон олишнинг шарти сифатида киритилади;

Ўзбек тилини бепул ўргатиш курслари учун субсидиялар ажратилади», – дейилади номзод сайловолди дастуридаги «Ижтимоий адолат, қадриятларга ҳурмат ва фуқаро эркинликларини таъминлаш соҳасида» номли бандда.

Алишер Қодиров сайловолди дастуридаги ушбу бандда миллий урф-одат, анъаналар, шаклланган қадриятларга ҳурматсизлик учун жавобгарлик жорий қилишини ҳам маълум қилган.

Унга кўра, Ўзбекистон Конституцияси миллий урф-одатлар, анъана ва халқимизда шаклланган қадриятларга нисбатан ҳурматсизлик учун маъмурий жавобгарликка доир нормалар билан тўлдирилади.

Номзодга кўра, у президентликка келган тақдирда «Ислом дини — маърифат манбаи» давлат дастури қабул қилинади, шунингдек, мамлакатда сўз эркинлиги ва жамиятни демократлаштириш ҳам изчил давом эттирилади.

  • «Исломий таълим муассасаларига қабул квоталари оширилади;
  • Қуръон курслари оммалаштирилади;
  • Диншунослик соҳасидаги илмий ишлар рағбатлантирилади;
  • ОАВлар қўшимча қиймат солиғидан тўлалигича озод қилинади.

50 минг овоз жамлаган мурожаат бўйича президентнинг ОАВда шахсан муносабат билдиришига оид тизим яратилади», – дейилади жумладан Қодировнинг сайловолди дастурида.

Илёс Сафаров
Тайёрлаган Илёс Сафаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид