Жаҳон | 22:18 / 12.10.2021
5473
2 дақиқада ўқилади

Филиппин президенти вакциналарга қаршиларни уйқуда бўлганларида эмлашни таклиф қилди

Филиппин президенти Родриго Дутерте мутасадди идораларга коронавирусга эмлашга қарши чиқувчиларни ухлаётганларида эмлашни таклиф қилди.

Фото: Reuters

Дутерте аҳолига мурожаатида шахсан ўзи ушбу кампанияга етакчилик қилишини айтган.

“Кўпчилик ҳанузгача эмланишни истамаяпти. Бу уларнинг муаммоси. Ўз қишлоқларингизда шундайларни топинг ва биз уларни эмлаш учун уйларига борамиз. Келинг, бундайларнинг уйларига кириб, уларни ухлаётганларида эмлаймиз. Мен шахсан ўзим ушбу ташаббусга бошчилик қиламан”, деб айтган Дутерте.

Шу билан бирга, сиёсатчи мамлакатнинг аксарият аҳолиси ҳанузгача эмланмаганида ўзи ҳам айбдор бўлиши мумкинлигини тан олган. Унинг таъкидлашича, 2021 йил бошида вакциналар етишмаганида унинг айби бор.

Бу орада мамлакат соғлиқни сақлаш вазирлиги эмланиш мажбурий эмаслигини, эмлаш фуқароларнинг розилиги билан ўтиши кераклигини бир неча маротаба таъкидлаб ўтган.

Филиппинда аҳолини коронавирусга қарши оммавий эмлаш 1 мартдан бошланган. Мамлакатда 8 та вакцина эмлаш учун маъқулланган.

Аҳолиси 110 млн кишидан иборат Филиппинда айни вақтда 23 млн фуқаро коронавирусга қарши тўлиқ эмланган. Дутертенинг таъкидлашича, мамлакатда эмлаш суръатлари паст даражада. У жорий йил охиригача 70 млндан кўпроқ фуқаро эмланиши кераклигини айтган.

Дутерте бу мақсадга эришиш учун кескин чораларни таклиф қилмоқда. Жумладан, у вакцинага қаршиларга ҳибсга олиш билан пўписа қилган ва куч тузилмаларига карантин чекловларига қаршиларни ўққа тутишга рухсат берган. Июнда у коронавирусга чалинганини била туриб карантин қоидаларига беписандлик қилувчиларга қотиллик содир этиш айблови қўйилиши мумкинлигини айтган.

Мавзуга оид