Европа Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси Сайловни кузатиш миссияси жорий йилнинг 8 октябрь куни Ўзбекистонда давом этаётган президентлик сайлови кампанияси юзасидан оралиқ ҳисоботини эълон қилди.
Қатор тавсиялар ҳисобга олинган, айримлари ҳали ҳам кўриб чиқилмаган
Сайловнинг ҳуқуқий асоси бўлган қонун ҳужжатларига киритилган ўзгартишларда ДИИХБнинг аввалги бир қатор тавсиялари ҳисобга олингани қайд этилган. Жумладан сайлов кампанияси тадбирлари тўғрисида 30 кун аввал розилик олиш талаби олиб ташланиб, ўрнига 3 кун аввал хабар қилиш талаби киритилган. Шунингдек, давлат хизматидаги кишилар томонидан кампания ўтказиш тақиқланиши, оралиқ кампания молия ҳисоботлари, сайлов низоларни ҳал қилишдаги борасидаги суд органларининг ваколатлари ажратилиши шулар жумласидан.
Шу билан бирга, ДИИҲББ бошқа фундаментал ҳуқуқ ва эркинликларни муҳофаза қилишдаги камчиликларга доир тавсиялари Ўзбекистон томонидан ҳали ҳам кўриб чиқилмаганини билдирган.
«ДИИХБнинг анча аввалги тавсиялари, жумладан овоз бериш ҳуқуқларига, мустақил номзодларни тақиқлашга ва кампанияни муқобил манбалардан молиялаштиришга ва фуқаро кузатувчиларга йўл қўйиш ҳамон кўриб чиқилмаган. Конституцияда кафолатланган фундаментал инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари қуйи қонунлар билан чекланганлигича қолмоқда. ДИИХБнинг аввалги тавсияларига қарамай, туҳмат ва обрўга путур етказиш, гарчи 2020 йилда ушбу қилмиш учун санкциялар қаторидан қамоқ жазоси олиб ташланган бўлса-да, ҳамон жиноят ҳисобланади.
Экстремизм кенг таърифланиб, эркин талқин ва қўллаш имкониятига йўл қўяди. 2021 йилдаги конституцияга ўзгартиш билан йиғилиш эркинлигини қонун ости актлар билан чеклаш тақиқланди, аммо йиғилиш эркинлиги бирор махсус қонун билан тартибга солинмайди. Бироқ, жиноят ва маъмурий қонунларда ноқонуний йиғилишлар ва рўйхатга олинмаган уюшмалар тақиқланади ва улар учун жазо тайинланган. ДИИХБ аввал ортиқча юк ҳосил қиладиган ва ихтиёрий қўллашга очиқ деб баҳолаган сиёсий партияларни рўйхатдан ўтказишга доир қонун ҳужжатлари ҳамон ўзгартирилмаган», – дейилади ЕҲХТ тегишли бюроси ҳисоботида.
2020 йилда миграцияга доир низомлар либераллаштирилиб, хорижга чиқиш визалари (ОВИР) бекор қилингач, яшаш жойини танлаш осонлашган, бу эса ўз навбатида сайловчиларни рўйхатга олишга таъсир кўрсатгани қайд этилган. Бундан ташқари, 2021 йилда Ўзбекистон томонидан БМТнинг Ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси ратификация қилиниши ногиронларнинг сиёсий ҳаётда камситилишларсиз қатнашувини кафолатлаши айтилмоқда.
















