10:19 / 15.10.2021
6012

Самарқанд яна бир халқаро анжуманга мезбонлик қилади

Фото: Senat.uz

2022 йилда Самарқандда Жаҳон мамлакатлари парламентлари аёл спикерларининг саммитини ўтказиш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Сенат ахборот хизмати хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, 2021 йил 13 октябрь куни Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида бўлиб ўтган учинчи Евросиё аёллар форумининг “Тинчлик ва ишонч дипломатиясини ривожлантиришда аёллар миссияси” деб номланган ялпи мажлисида иштирок этган.

Мажлисда Озарбойжон, Бангладеш, Вьетнам, Қозоғистон, Қирғизистон, Габон, Мозамбик, Мўғулистон, Молдова, Никарагуа, Тожикистон, Туркманистон, Зимбабве ва Эрон каби жами 110 та мамлакатнинг 350 га яқин делегати, ижро этувчи ҳокимият вакиллари, халқаро ва нодавлат ташкилотлар раҳбарлари, шунингдек, ишбилармон доиралар, жамоат ва академик ташкилотлар вакиллари иштирок этган.

Тадбирда Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева сўзга чиқиб, Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва ўзгаришларнинг асосий натижалари, сиёсий ташаббуслар, шунингдек, мамлакатда хотин-қизларнинг ҳуқуқлари ва имкониятларини кенгайтириш чора-тадбирлари ҳақида маъруза қилган.

Т.Норбоева Ўзбекистон томони хотин-қизлар ҳуқуқлари ва гендер тенгликни халқаро ҳамжамиятда тарғиб қилиш бўйича тажриба алмашишга ва бошқа давлатларнинг бу борадаги илғор амалиётини ўрганишга тайёрлигини билдирган.

Қайд этилишича, мажлис иштирокчилари 2022 йилда Самарқанд шаҳрида ўтказилиши режалаштирилаётган Жаҳон мамлакатлари парламентлари аёл спикерларининг навбатдаги 14-саммитига таклиф этилган.

Top