Жамият | 21:18 / 16.10.2021
54846
10 дақиқада ўқилади

Амерсфорт концлагеридаги ўзбек аскарлари. Улардан биринчисининг шахси аниқланди

II жаҳон уруши даврида Нидерландиядаги концлагерга ташланиб, даҳшатли қийноқларга солинган ва аксарияти ўзбеклар бўлган 101 номаълум аскардан биринчисининг шахси аниқланди. У – Навоий вилоятидан бўлган ўқитувчи. Kun.uz шу янгилик сабаб бўлиб мазкур воқеа ҳақида жамоатчиликка тўлиқроқ маълумот беришга қарор қилди.

Иккинчи жаҳон уруши даврида жами 1 миллион 951 минг ўзбекистонлик фронтга сафарбар этилган. Ўша пайт Ўзбекистон аҳолиси 6,5 миллион эди. Ҳар 3 нафар ватандошимизнинг биттаси қўлига қурол олиб жангга отланган.

Урушга кетганларнинг биргина орзуси душманни тезроқ енгиб, ғалаба билан ватанга қайтиш эди. Лекин орзулар ҳар доим ҳам ушалавермайди. Айниқса, урушда...

Ўзбекистондан урушга кетганларнинг 500 мингдан кўпроғи ҳалок бўлди, 158 мингдан ортиқ киши бедарак йўқолди.

Урушдан қорахат келганларга аза очилган бўлса, бедарак кетган аскарлар яқинларининг мусибати ундан ҳам оғирроқ бўлган. Улар дараги чиқмаган аскар ўғлини, аскар турмуш ўртоғини, аскар отасини, “балки келиб қолар”, дея бир умр кутган, йиллаб излашган.

Бедарак кетганлар орасида 101 аскарнинг тақдири ҳаммасиникидан ҳам бошқача. Улар 1941 йилда Германия совет иттифоқи ҳудудига бостириб кирганининг дастлабки ҳафталарида Смоленск остонасида асирга олинган ва нацистлар томонидан оккупация қилинган Нидерландияга пропаганда мақсадларида жўнатилган.

Ўрганишлар асосида шахси номаълум бўлган 101 аксарнинг аксари ўзбекистонлик экани аниқ бўлади. Концлагерда нацистлар 101 асирга бошқаларга қараганда қўполроқ муомалада бўлади, уларга қуйи даражадаги одамлар деб қарашади, Асирлар нацистларга даҳшатли бир режани амалга ошириш учун керак эди.

23 йиллик тадқиқот

Нидерландиялик журналист, тарихчи Ремко Рейдинг 101 номаълум аскар ҳақида биринчилардан бўлиб тадқиқотлар олиб борган.

Фото: Ремко Рейдинг

“Бундан 23 йил олдин талаба пайтимда шаҳримиз яқинида совет аскарлари қабристони борлигидан хабар топдим. Аскарларнинг барчаси унутилган, уларнинг шахсини ҳеч ким билмасди.

Қабристонга бориб кўрдим, у ердаги 865та кулранг тошли қабрга қараб, бу ерда кўмилган аскарларнинг яқинлари ҳали ҳам улардан янгилик кутаётганини, уларнинг яқинлари отаси ёки бобоси изсиз кетмаганидан бехабар эканини тушундим. Шахси номаълум бўлган аскарлар учун нимадир қилишни ният қилдим”, дейди Ремко Рейдинг.

Ремконинг айтишича, у қабристонда номаълум аскар сифатида дафн этилган 101 аскарнинг асосий қисми ўзбеклар эканини аниқлайди ва 23 йил давомида улар билан нималар содир бўлганини, Нидерландияда бу аскарлар гуруҳининг ҳаётига қандай якун ясалганини ўрганишга ҳаракат қилади.

“Мени нега бу аскарларнинг ҳаммаси ўлдирилгани, немислар уларга нима сабабдан жуда қўпол муносабатда бўлгани қизиқтирарди. Мақсадим эса 101 аскарнинг шахсини аниқлаш, яқинларини топиш ва аскарларнинг қариндошларига уларнинг отаси ёки бобоси ортиқ бедарак эмаслигини, Нидерландия ерларига кўмилганини айтишдан иборат эди. Аскарларнинг шахсини аниқлаш учун жуда кўп ҳаракат қилдим. Нидерландия, Россия ва Ўзбекистонда тадқиқотлар олиб бордим. Ва яқинда биз 7 нафар аскарнинг шахсини аниқлаш имконини берадиган фактларни топдик. Уларнинг аксари – Ўзбекистондан. Аскарларнинг қариндошлари топилишидан ва уларга боболари ҳақида маълумот беришдан умидвормиз”, дейди тарихчи.

Инсонийлик синови

Амерсфорт концлагерида 101 асирга ўта шафқатсиз бўлишади. Улар атайлаб, нацистик ғояларга қаршилик қилаётган ҳолландларга кўрсатиш учун осиёча кўринишга эга бўлган аскарларни йиғиб олишган. Нацистлар уларни untermenschen — чала инсон деб атаб, ҳолландлар бундай совет фуқароларини кўрса немислар тараф бўлиб қолади, деб ўйлашган.

Дастлабки уч кунда ўзбекларни лагерда овқатсиз, очиқ осмон остида, симтикан билан ўралган ҳудудда сақлашган. Мақсад: бир бўлак нон учун бир-бирининг гўштини еган одамлар ҳолати тасвирга олиниб, видеодан пропаганда воситасида фойдаланишдан иборат эди. Лекин 101 ватандошимиз нацистларнинг бу режаларини чиппакка чиқаради. Улар немислар кутгандай нон деб бир-бирини ўлдириш даражасига боришмайди, 3 кун ҳатто туз тотмаган бўлишса ҳам, сабр билан нонни тенг бўлиб, бир-бирига узатишади.

Матонатли бу аскарларнинг 24 нафари 1941 йилнинг қаҳратон қишидан чиқолмай очлик ва касалликдан ҳалок бўлади, қолган 77 нафарини 1942 йил 9 апрелда нацистлар отиб ташлашади.

“101 ватандош изидан” лойиҳаси

Ўзбек халқининг матонати ва миллатга хос алоҳида хусусиятларини нацистлар олдида кўрсатиб қўйган ватандошларимизнинг шахслари номаълум, уларга тегишли жуда кам маълумотлар бор эди холос.

2020 йилда Навоий вилояти ҳокимлиги ташаббуси билан 101 аскарнинг шахсини аниқлаш ва уларга тегишли маълумотларни ўрганиш учун алоҳида лойиҳа ташкил этилди.

Фото: Навоий вилояти ҳокимлиги

“Вилоятдошимиз Жонибек Шуҳратов томонидан 101 ватандошимизнинг шахсини аниқлаш ҳақида лойиҳа тақдим этилгач, вилоят ҳокими Қобил Турсунов қўллаб-қувватлади. Шундан сўнг алоҳида экспедиция ташкил қилиб, Нидерландияга бориб архив материаллари билан танишиб керакли маълумотларни олдик”, дейди Навоий вилоят ҳокимининг Инвестиция бўйича маслаҳатчиси Назиржон Жўраев.

“101 ватандош изидан” лойиҳаси тарихчи Ремко Рейдинг билан ҳамкорликда 101 аскардан энг биринчисининг қариндошларини топди.

“Дастлаб, фақат 2 нафар аскарнинг чизмаси бор эди. Ўша чизма асосида аскарларнинг яқинларини излашни бошлаб юбордик. 2021 йилнинг ўрталарига келиб, 101 аскардан бирининг қариндошларига хат ёзиш мақсадида исм-фамилия ва адресини ёзган қоғоз топилди. Айни мана шу қоғоз асосида аскарнинг қариндошлари Навоий вилояти, Хатирчи туманидан топилди”, дейди Назиржон Жўраев.

Илк аскарнинг қариндошлари топилди

Райим Саломов – 101 номаълум аскар гуруҳидаги шахси аниқланган илк аскар. У 1922 йил Навоий вилояти Хатирчи туманида туғилган. Уруш бошлангунга қадар ўқитувчилик қилган. 1941 йилда Иккинчи жаҳон урушига жўнатилади ва бедарак кетади.

Тадқиқот давомида Райим бобо хат ёзиш учун уй манзилини ёзган қоғоз топилди ва шу маълумотга таяниб, 80 йил деганда унинг яқинлари топилди.

Уруш бошланганда Райим бобо ва унинг рафиқаси Мушаррам ая бор-йўғи 3 ойлик келин-куёвлар эди. Мушаррам ая Райим бобони бир умр кутади, эри урушга кетгандан сўнг туғилган қизининг исмини ҳам отаси урушдан келса кўриб хурсанд бўлсин дея, Хурсанд қўяди. Лекин Райим бобо урушдан қайтмади, 80 йил ўтгач унга тегишли бир парча қоғоз қайтиб келди холос. Отасини кутиб катта бўлган Хурсанд ая ҳам бундан 2 йил олдин вафот этган.

Райим Саломов ва унинг оиласига оид барча маълумотлар Хатирчи туман Мудофаа ишлар бўлиши ва туман ФҲДЁ бўлими архивида мавжуд.

Розия Жўраева – Амерсфорт лагерида ҳалок бўлган Райим Саломовнинг жияни. У тоғаси урушга кетгандан сўнг туғилган, лекин урушдан кейинги воқеаларни энг кўп эслай оладиган оила аъзоси.

“Бувим тоғам урушга кетгандан сўнг кучсиз бўлиб касал бўлиб қолади. Тоғамдан қолган биттагина суратни сандал устида чойнакка суяб қўйиб термилиб-термилиб жон берган экан (сурат сақланиб қолмаган). Ойтим (янгам) ҳам тоғамни бир умр кутди. Эри урушга кетганда қорнида боласи билан қолган келинчак бошқа турмуш қилиш ҳақида ҳеч ўйламаган. Шу фарзандини катта қилиб, тоғамни кутиб 56 ёшида вафот этди. Ойтим бутун умр боши меҳнатдан чиқмасдан ўтди”, дейди кўзда ёш билан Розия ая.

Райим Саломовнинг яна бир жияни (укасининг ўғли) Шерали Саломовнинг айтишича, уруш тугагач отаси амакисини анча пайт қидиради, Украинага ҳам бориб келади. Аммо дарагини топа олмайди.

Марҳум аскарнинг ёлғизгина қизи Хурсанд ая ҳам бундан 2 йил олдин вафот этган. Бироқ Хурсанд момодан 9 фарзанд, бир этак набира қолган.

Улар гарчи бобосини кўрмаган бўлса-да, онаси интизор кутгани ва доим илиқ хотирлагани учун бобосининг дараги топилганидан хурсанд. Айниқса, уларнинг бобоси нацистлар олдида матонат ва инсонийлигини йўқотмаган 101 аскар сафида бўлганидан ҳам фахрланишмоқда.

Қолган аскарларнинг ҳам шахси аниқланади

Ремко Рейдинг ҳозирча жами 7 нафар аскарнинг шахсини аниқлаш имконини берадиган эҳтимолий далиллар мавжудлигини қайд этди. Райим Саломов – ана шундай далиллар асосида шахси аниқланган биринчи аскар. Қолган аскарларга тегишли маълумотлар ҳам ўрганиляпти.

“Асосий қисми ўзбеклар бўлган 101 аскарнинг шахсини аниқлашда Иккинчи жаҳон урушида асир олинганлар ҳақида Ўзбекистонда сақланаётган маълумотларни ўрганиш асосий аҳамиятга эга бўлиши мумкин.

Тадқиқотни давом эттириш учун қўлимиздан келганча ҳаракат қиламиз. Катта эҳтимол билан, ДНК тестларини ўтказишимизга тўғри келади. Буни олдинги босқичларда ҳам амалга оширдик ва натижа жуда ижобий бўлди, бундан кейинги босқичларда ҳам ДНК тестлари иш беришига ишончим комил”, деди Ремко Рейдинг биз билан суҳбатда.

Навоий вилояти ҳокимлиги масъул ходими Назиржон Жўраевнинг айтишича, аскарларнинг қариндошларини топиш узоқ давом этиши мумкин. “101 ватандош изидан” лойиҳаси ҳам маълумотларни доимий ўрганишда давом этади.

Зилола Ғайбуллаева,
Kun.uz мухбири.
Тасвирчи – Фахриддин Ҳотамов.
Монтаж устаси – Нуриддин Нурсаидов.

Мавзуга оид