Советлар бу махфий келишувни 1980-йилларнинг охиригача тан олмайди. Фақат 1989 йилга келиб СССР олий совети шартномани Сталин ва унинг атрофидагилари имзоланганини, у совет халқининг хоҳиш-истакларини ифодаламаслигини маълум қилади.

Иккинчи жаҳон урушининг асосий ғолиби бўлган СССР бу уруш билан боғлиқ тарихни ўзи хоҳлаганидай турли ёлғонлар билан талқин қилган. Мактабларда, олий таълимда ўша ёлғонлар ўқитилган, илмий ишлар ёзилган.

Ана шу ёлғонлардан бири СССР Иккинчи жаҳон урушига 1941 йил 22 июнда Ҳитлер Германияси совет иттифоқига бостириб кирганидан кейин қўшилгани ҳақидаги гаплар. Аслида эса советлар бу урушга Германия билан имзоланган махфий келишувга мувофиқ 1939 йил 17 сентябр куни қўшилган эди.

1939 йил 23 август куни Москвада Германия ва совет иттифоқи ўртасида ўзаро ҳужум қилмаслик ҳақида шартнома имзоланади.

Имзоланган шартноманинг махфий қисми ҳам бор эди ва унда томонлар Шарқий Европани ўзаро тақсимлаб олишни келишиб олишганди. Қўйида ана шу шартнома тарихини эслаб ўтамиз.

Ҳитлернинг ҳокимиятга келиши ва нацистик ғоялар тарғиботи

1933 йилда Германияда ҳокимият тепасига немис миллий-социалистик ишчилар партияси вакили Адолф Ҳитлер келади. Орадан бир йил ўтиб Ҳитлер ўзини фюрер деб эълон қилади ва мамлакат қуролли кучлари бош қўмондонига айланади. Шундан сўнг Германия зўр бериб қуроллана бошлайди.

Ҳитлер ҳокимият тепасида мустаҳкам ўрнашиб олгач Германия аҳолиси орасида нацизмни тарғиб қилиш авж олади. У илгари сурган идеологияга кўра немислар олий ирқ ҳисобланади. Бошқа миллатлар уларга тобе бўлиши ва хизмат қилиши лозим.

1936 йилдан бошлаб Германия ўз қўшнилари Полша, Чехословакия ва Австрия каби давлатларга ҳудудий даъволар билан чиқади. 1938 йилга бориб немис қўшинлари Австрияни босиб олади ва унинг Германияга қўшилгани эълон қилинади.

Бироз ўтиб Чехословакиянинг асосан немислар яшайдиган Судет вилояти босиб олинади. Кейинроқ 1939 йил март ойида немислар Чехословакияни бир нечта яримвассал ҳудудларга бўлиб ташлайди.

1939 йил ёзда Германия Шарқий Европа давлатларини босиб олишга тайёргарлик кўра бошлайди. Бироқ бу учун немисларга жиддий қўллов керак эди.

Ўша пайтда Германия ташқи ишлар вазирлиги Франция ва Буюк Британия ҳукумати билан музокаралар олиб боради. Аммо улар Германиянинг босқинчилик сиёсатига мутлақо қарши чиқади.