Жаҳон | 09:20 / 16.10.2021
16904
6 дақиқада ўқилади

«Мишага озодлик!» — грузинлар Саакашвилини қўллаб кўчаларга чиқишди. Уни кечиришлари мумкинми?

Пайшанба куни кечқурун Грузия пойтахти Тбилисида минглаб одамлар мамлакат собиқ президенти Михаил Саакашвилини қўллаб кўчага чиқишди. Собиқ президент ўзини сиёсий маҳбус деб ҳисобламоқда ва қўлга олинганидан буён очлик эълон қилган. 2012 йилдан буён Грузияда бу қадар катта намойиш ўтказилмаган.

Vano Shlamov / AFP / Scanpix / LETA

Намойишларни «Ягона миллий ҳаракат» мухолиф партияси ташкил этди. Бу партия асосчиси айнан Саакашвили ҳисобланади.

Тинч намойишга чиққанларни уларга қарши бўлган радикаллар гуруҳи кутиб олиб, жанжал кўтарган. Намойишчиларнинг машинасига супурги ҳам улоқтирилган. Бу эса қамоқхонадаги қийноқларни ифодаловчи рамз ҳисобланади. Улар шу орқали қамоқхонадаги Саакашвилига қийноқ тилашган.

Шунга қарамай, ўн минглаб одамлар Тбилисидаги Озодлик майдонига тўпланган. Саакашвили уларни айнан шу ерда жам бўлишга чақирганди. Йиғилганларнинг қўлларида Грузия ва Европа Иттифоқи байроғи, «Мишага озодлик» ёзувлари туширилган баннерларни кўриш мумкин эди.

ANADOLU AGENCY/GETTY

Намойишда қатнашган «Мтави архи» телеканали бош директори ва Саакашвилининг адвокатларидан бири бўлган Ника Гварамия қамоқхонада бўлиб турган собиқ президентнинг мурожаатини ўқиб берди. У барчани маҳаллий сайловларнинг 30 октябрда ўтажак иккинчи босқичида фаол иштирок этишга чорлаган.

«Мамлакатни хўрлашаётганларига жим қараб тура олмайман. Ундан кўра ўлганим яхши. Грузин миллатини коррупциядан, ноҳақлик ва қашшоқликдан қутқариш учун шу тариқа ўз ҳиссамни қўшмоқчиман. Иванишвили («Грузия орзуси» ҳукмрон партияси собиқ етакчиси) кабилар мамлакатга Путиннинг Россиясини олиб кирмоқчи, лекин биз бунга йўл қўймаслигимиз, Грузияни Европага интилиш йўлига қайтаришимиз керак», дейилган Саакашвилининг баёнотида.

Майдонга ўрнатилган саҳнада «Мтави архи» телеканали бош директори ва Саакашвилининг адвокатларидан бири бўлган Ника Гварамия унинг баёнотини ўқиб берди / TASS/GETTY

Тбилиси мэрлигига номзодлардан бири бўлган Ника Мелия ҳам намойишда чиқиш қилди: «Мамлакатнинг учинчи президенти Михаил Саакашвили қамоқда бўлишини асло қабул қилиб бўлмайди, бунга тоқат қилиш ҳақида ўйламанг ҳам. У чиқмагунча курашни давом эттирамиз». Мекел 30 октябрни тарихий кун деб атаб, сайловларга жиддий тайёргарлик кўраётганини айтган.

Грузия марказий сайлов комиссияси берган расмий маълумотга кўра, «Грузия орзуси» ҳукмрон партияси 2 октябрда ўтказилган биринчи босқичдаги сайловлардан кейин 47 фоиз овоз олган. 2012 йилгача ҳукуматни бошқарган «Ягона миллий ҳаракат» партияси 32 фоиз овоз тўплаб, ҳамон энг йирик мухолиф партия бўлиб турибди.

Ҳукмрон партия вакиллари мэрлик сайловларида биринчи босқичдаёқ ғалабани таъминлашга кифоя қилувчи 50 фоиздан ортиқ овозни тўплай олмади. Иккинчи босқичда эса энг кўп овоз олган икки номзод ўртасида яна сайлов ўтказилади. Аксар шаҳарларда ҳукмрон партия вакилларига айнан Саакашвили руҳий етакчиси бўлган «Ягона миллий ҳаракат» вакиллари қаршилик қилади.

Намойишда мамлакатнинг турли ҳудудларидан келганлар иштирок этишди

Намойишларда бошқа мухолиф партия вакиллари кўриниш бермаган. Кўпчилик намойишлар бу қадар кенг масштабда ўтишини кутмаганини айтган. Одамларнинг фикрича, мамлакатдаги ҳамон энг машҳур мухолиф сиёсатчи бўлиб қолаётган Саакашвилининг қайтиши унинг тарафдорларини илҳомлантириб юборган. Саакашвили охирги 8 йилда Грузияда яшамагани ҳам бунга тўсқинлик қилмаган.

«Миша қайтгач, одамларда келажакка бўлган ишонч қайтди», дейди намойишчилардан бири. «Одамлар Саакашвилининг қайтганидан чинакам қувват олган. Қаранг қанча одам. Аввал ҳам мухолиф кайфиятдаги намойишлар бўлган, аммо бу қадар кўп одам тўпланмаган. Менимча, миллат ниҳоят уйғонди. Аввал кимдир бу мамлакат учун ундан кўпроқ иш қилиб қўйсин-да, кейин суд қилишсин», дейди яна бир намойишчи Ирине Георгадзе.

Ҳукмрон партия вакилларининг фикрича, бу намойишлар мухолиф партиянинг муваффақиятсизлигини Саакашвилининг ўзи ҳам кутмаганини ифодалайди. Ҳукмрон партия «Грузия орзуси» раҳбари Иракли Кобахидзенинг фикрича, одамлар «Миллий ҳаракат» тугашини кўришга яқин турибди: «Бу (унинг фикрича, «Миллий ҳаракат»нинг якуни) жуда яхши ҳолат, айниқса грузин демократияси учун. Бу миллатимиз узоқ йиллардан буён кутаётган нарса. Иккинчи ўн йилликдирки бу «Миллий ҳаракат» мамлакатга тинчлик бермайди», дейди Кобахидзе.

Саакашвили Руставидаги жазони ижро этиш муассасида очлик эълон қилган / AFP

Грузия собиқ президенти Михаил Саакашвили 2013 йилда президентлик ваколати якунига етгач, мамлакатни тарк этган. Унга кўплаб ишлар бўйича айблов эълон қилиниб, 6 йиллик сиртдан қамоққа олиш бўйича ҳукм чиққан. 1 октябр куни 8 йиллик танаффусдан кейин мамлакатга қайтган Саакашвили ўша куниёқ қўлга олинган. Прокуратура у 6 йилга қамалиши мумкинлигини маълум қилди.

Ҳукуматда собиқ президент кечирилмаслигини айтишган. Фақат ҳукумат даражасидаги амнистиягина Саакашвилини қамоқдан сақлаб қолиши мумкин, аммо бу ҳақда ҳеч қандай гап бўлгани йўқ. Охирги йилларда Украинада яшаган Саакашвили Грузияга қайтиши ҳақида олдинроқ хабар қилганди. Аввалига Грузия расмийлари Саакашвили мамлакатга келмагани, у Украинани тарк этмаганини айтишди, аммо кўп ўтмай собиқ президент қўлга олингани ҳақида расмий хабар эълон қилинди.

Айни дамда Саакашвилига Грузия ҳудудига ноқонуний кириш ва мамлакатга бошқа одамларни ноқонуний олиб кириш айблови ҳам қўйилиб, суриштирув ишлари олиб борилмоқда. Ҳозирда Саакашвили уйидан топилган квартира эгаси, уни Грузия ғарбидаги қишлоқлардан бирига олиб борган ота-бола ҳам қўлга олингани маълум.

Мавзуга оид