«Доимо икки қабр қазиб қўяман: улардан бири ўзим учун» — фарғоналик гўрков ҳикояси
Пайғамбар ёшига етай деб қолган Зафаржон Исоқов Фарғона шаҳрида яшайди. 9 йилдирки, Зафар ака Қашқар қишлоғидаги қабристонда гўрковлик қилади. Унинг отаси ҳам инсонларнинг сўнгги манзилини тайёрлаш билан шуғулланган. У отасининг ишини давом эттириб келмоқда.
Зафаржон Исоқовнинг ҳикоя қилиб беришича, падари бузруквори Ҳомиджон ҳожи 80 ёшга кирганида ҳам қабр қазиш билан шуғулланган экан.
«Авваллари укам билан бирга қабр қазиш билан шуғулланардик. Ҳозир қабрни бир ўзим қазиб келяпман. Бу ишни савоб йўлида қиламан, албатта.
Отам раҳматли 80 ёшга етганда биз унга оғирлик қилади, деб қабр ковлаттирмай қўйдик. «Ёшингиз бир жойга бориб қолди, энди бу ишни биз қиламиз», дедик. Орадан бир муддат ўтиб отамиз бетоб бўлиб ўтиб қолди. Энди эса отамизнинг ишини давом эттиряпмиз», — дейди гўрков.
Зафаржон ака битта қабрни қазиш учун 3–4 кун вақт кетишини айтди.
«Агар бир ўзим бўлсам қабр айвони ва лаҳад қазиш учун 3-4 кун вақт кетади. Чунки бу иш кўп жисмоний меҳнат талаб қилади. Юмшоқ чиқадиган жойлар бор, қаттиқ жойлар бор. Шунга қараб ўзимни толиқтирмай қазишга ҳаракат қиламан. Астойдил ҳаракат қилинса, бир кунда бир ёки икки қабр қазиса бўлади. Лекин одам толиқиб қолади.
Гуноҳи кўп одамнинг қабрини қазиш қийин кечади, деган гап бор. Лекин мен бунга ишонмайман. Тўғри, жойига қараб қай бир қабрнинг тупроғи юмшоқ чиқади, қай бирини қазиш эса машаққат. Аллоҳ йўл берса, дарҳол қазиб қўямиз. Йўл бермаса қазишда қийинчиликка дуч келамиз», — дейди у.
Гўрков қабр айвони ва лаҳад қисмининг ҳажми қанча бўлиши ҳақида ҳам гапириб берди. Унинг таъкидлашича, ҳар бир қабр ичидан кичик юк машинасига сиғгулик шағал чиқар экан.
«Қабр айвонининг узунлиги 2 метр, эни эса 90 см ёки 1 метр бўлади. Айвонининг чуқурлиги эса 1 ярим метр бўлади. Айвон қазиб бўлингач, тандир оғиз қилиб, лаҳад қазишга киришамиз. Лаҳад оғзини аста-секинлик билан очиб олиб, ичига кириб оламиз. У ердаги шағалини чўкичларда юмшатиб, шағалларни дастлаб айвонга олиб чиқиб сўнг улар ташқарига ташланади. Агар икки киши қабр қазиса, бу иш нисбатан осон бўлади. Бир киши лаҳаддаги шағални айвонга ташласа, яна бир киши лаҳад қазийди. Ҳозирда ҳам қазиш, ҳам шағални ташқарига улоқтириш амалини бир ўзим бажараётганим учун қазиш ишлари кечикяпти. Ташқарига деярли бир «Зил» шағал улоқтираман.
Лаҳад ичининг узунлиги икки метр бўлади. Эни эса 1,3–1,4 метр бўлади. Лаҳаднинг ичи инсон ўтирганида бош қисмдан бир қарич тепага бош тегиб қолмаслиги учун масофа қолиши керак. Маййитни лаҳадга қўйиб, лаҳад оғзига ғишт тахлаб чиқамиз. Кейин эса айвонни кўмишни бошлаймиз. Айрим қабрларни қазишда қийинчиликка дуч келамиз, баъзи жойлар бетондек қаттиқ бўлади», — дейди Зафаржон ака.
Баъзи одамлар кечаси қабристон олдидан ўтишга, унинг ичига киришга қўрқишади. Аслида энг тинч жой қабристон бўлади, дейди гўрков.
«Маййит кўмилгач, яқинлари қабрдан етти қадам узоқлашганда сўроқ-савол бошланади. Мункар-Накир фаришталар келади. Ўша пайтда лаҳад ичи ўтирса тепа қисмига боши тегиб қолмайдиган даражада кенгроқ бўлиши керак.
Инсон тириклик пайтидан қабр сўроқ саволларига тайёр бўлиши керак. Шунинг учун ҳам инсон доим намоз ўқиши керак. Ибодатда бўлиши керак», — дейди у.
Зафар ака илгаригидек ҳашар йўли билан қабр қазиш анъанаси йўқ бўлиб кетганини таъкидлади.
«Раҳматли отам илгарилари икки-уч қабрни қазиб олдиндан тайёрлаб қўяр эди. Ҳозирги ёшларни ҳашарга чақирсангиз — келишмайди. Ёшлигимизда 3-4 қариялар келишиб ҳашар йўли билан қабр қазишган пайтларни кўргандик. Биз уларга овқат олиб чиқар эдик. Ёшлар уларга қабр қазишда ёрдам берар эди. У замонлар ўтиб кетди. Илгаригидек ҳашар йўли билан қабр қазишлар ўтмишда қолди. Ҳайтовур, ҳозир бирор киши вафот этса, ёшлар келиб кўмишда ёрдам бериб туришибди», дейди гўрков.
Қабристонда иккитадан тўрттагача захира қабр турар экан.
«Айрим кимсалар «қабрни олдиндан қазиб қўйманглар, қазилган қабр одам чақиради», деб ирим қилишади. Буни бўлмаган гап, деб ҳисоблайман. Қабр чақирган эмас, Аллоҳ истаган одам вафот этади. Ким ўлишини фақат Аллоҳ билгувчи. Ажали етган одам вафот этади», — дейди Зафаржон ака.
Ўтган йили коронавирус пандемияси айни кучайган пайтда Зафар аканинг қўли қўлига тегмаган. Ўлим ҳолати кўп бўлгани учун анча вақтини қабристонда ўтказишга тўғри келган. Охир-оқибат ўзи ҳам касаллик юқтириб олиб, бир муддат даволаниб чиққан.
***
Гўрков доим икки захира қабр қазиб юришга одатланган. Бири ўзи учун, яна бири эса бошқаларга.
Биз хайрлашиб қабристон дарвозасидан ташқарига чиққанимизда чўкичнинг тошларга урилган овози анча масофагача эшитилиб турди...
Сарвар Зияев, Kun.uz мухбири.
Монтаж устаси: Жаҳонгир Алибоев.
Мавзуга оид
11:20 / 22.11.2024
“Қани депутатлар, нега қарамаяпти?” — пропан нархидан ҳайдовчилар хавотирда
19:02 / 21.11.2024
Фарғона аэропортида ҳаво кемаларини қабул қилишга вақтинчалик чекловлар жорий этилди
11:28 / 21.11.2024
Фарғонада содир бўлган ЙТҲда вояга етмаган қиз ҳалок бўлди
10:16 / 12.11.2024