Ўзбекистон | 14:10 / 02.12.2025
11951
5 дақиқада ўқилади

“Сув сепиш билан иш битмайди” – Фарғона ҳавоси ҳамон ўта зарарли бўлиб қолмоқда

30 ноябр куни Фарғона шаҳрида ҳаво ифлосланиш даражаси рекорд даражага етиб, 1093 кўрсаткични ташкил этди. Бу рақам 1 декабр куни ҳам, 2 декабр куни ҳам ҳаёт учун ўта хавфли даражада қолмоқда. Kun.uz мухбири шаҳарликлар орасида сўров ўтказди.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Iqair.com сайти маълумотига кўра, 30 ноябр соат 20:00 ҳолатига Фарғона шаҳрида ҳаво ифлосланиш даражаси рекорд даражага етган ва 1093 кўрсаткични ташкил этган. 1 декабр куни бу кўрсаткич 686, 2 декабрда эса  231 ни ташкил этмоқда. Kun.uz мухбири ҳолат бўйича Фарғона шаҳрида сўровнома ўтказди. Зарарли ҳаво таъсирини камайтириш борасида қилинаётган ишлар бўйича масъуллардан изоҳ сўради.

 “Фарғона шаҳри атрофида ҳаво ёмон. Ҳатто невараларимиз йўталиб чиқяпти. Бу ҳаво “давлениямни” оширяпти, бурун, димоғларимни ачиштиряпти. Нафас олиш қийинлашяпти. Ҳамма ёқни чанг босиб кетди. Экология бузилган дейишяпти. Ҳаммадан ҳам гўдакларга, қарияларга қийин бўляпти.

Менинг фикрим намгарчиликни кучайтириш керак-да. Энди Оллоҳдан сўраяпмиз. Оллоҳим ўзи меҳрибон. Гўдакларнинг раҳмини есин, қарияларга раҳм қилсин. Дуо қилиб ўтирибмиз энди. Бошқа қўлимиздан нима ҳам келарди”, дейди фуқаролардан бири.

“Ҳамма тозаликка, озодаликка риоя қилиши керак. Ўшанда тозаланиб кетади ҳаволар. Машиналаримиз, зарарли чиқиндилар кўпайиб кетди. Илгари ариқлар, сувлар тоза бўларди. Ёшлигимизда ариқдаги сувни ҳовучлаб ичар эдик. Чиқиндиларни яширинча ёқишади, ўшаларни ёқмаслик керак. Кўпроқ дарахт экиш керак, яшиллик кўп бўлиши керак. Дарахтлар кесилмаслиги керак. Илгари бизнинг Фарғонамизни ҳамма ҳавас қилар эди. Водийни қанақа ҳавас қилишарди, ҳавоси мусаффо эди”, дейди яна бир фуқаро.

Зарарли ҳаво эрталаб сезиляпти, кейин ўрганиб қоляпмиз...

“Экология бузилган, биз буни билганимизга анча бўлди. Маска тақсам нафасим қайтади. Ҳозир кўряпсиз, қанча одам маска тақиб юрибди. Ҳаво сифати ёмонлашгани бўйича биринчи ўринга чиққанимизни ҳам эшитдик. Энди нима қилиш керак? Техника ҳам кўпайиб кетди, газда юрадиган машиналар кўпайиб кетди. Нима деймиз энди? Ҳамманинг ҳам фикри шунақа бўлса керак. Зарарли ҳаво эрталаб сезиляпти, ундан кейин ўрганиб қоляпмиз. Билмайман, кейин сезилмаяпти”.

Сув сепиш ечим эмас...

“Биринчидан, кузда ёмғир деярли ёғмади. Кейин машиналар ҳам кўп. Ўзбекистон ҳудудида иссиқхоналарда мазут билан кўмир ёқишади. Ҳаво жуда расво. Нафас олиш қийин бўляпти. “Черепной давлениям” бор, дарров билинтирди. Шунинг учун маска тақиб юраман. Икки ҳафтадан бери бошим оғрийди.

Асосан автомобиллардан чиқаётган газ, иссиқхоналарни иситиш ва завод-фабрикалардан чиқаётган заҳарли тутунлар ҳавони ифлослантиряпти. Сув сепиш билан иш битмаса керак лекин...”

Фарғона вилояти экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси бошлиғи вазифасини бажарувчи Анваржон Ашуров ифлосланган ҳавони яхшилаш борасида қилинаётган амалий ишларга тўхталди:

“Ҳозирги кунда барча ҳудудлар каби Фарғона вилоятида ҳам ПМ2 миқдори ортганини кузатяпмиз. Куз мавсумининг қуруқ келиши ҳам ҳаво сифати бузилишига, атмосферада ифлос заррачалар кўпайишига олиб келди.

Ҳозирги кунда аҳолига экологик қулай шароитни яратиш, атмосферада чанг миқдорини камайтириш мақсадида вилоят ҳокимлиги, Экология бошқармаси, вилоят прокуратураси, Миллий гвардия, ички ишлар ва барча ҳамкор ташкилотлар иштирокида махсус штаб ташкил этилган. Ишчи гуруҳ ҳар кунлик экологик назорат тадбирларини олиб боряпти.

Экологик назорат тадбирлари давомида Фарғона шаҳар ҳудудидаги саноат корхоналари, иссиқхоналар фаолияти ўрганиб чиқиляпти. Ўрганиш натижасида мана шу экологик талабларга жавоб бермаган корхоналарга нисбатан тегишли кўрсатмалар, тегишли чоралар кўриб бориляпти.

Хусусан, тадбир бошидан бери шу 58 та саноат корхоналар фаолияти ўрганилди. Чанг босилишини таъминлаш мақсадида вилоятимиз ҳудудидаги шаҳар-туманларнинг барча марказий кўчаларига, аҳоли яшаш пунктлари атрофларида дарахтларга, кўчаларга сув сепиш ишлари амалга ошириляпти. Бундан ташқари, шаҳар ҳудудида қурилиш ишлари олиб борилаётган барча масканлар доимий назоратга олинган. Қурилиш майдонларида сув сепиш, чангларни бостириш ишлари амалга ошириляпти”.  

Сарвар Зиёев,
Сардор Мамиров,
Kun.uz

Муаллиф:  Сарвар Зияев

Мавзуга оид