Фан-техника | 23:37 / 18.10.2021
20011
2 дақиқада ўқилади

Apple тақдимоти: янги MacBook Pro, HomePod ва AirPods

Apple компанияси катта тақдимот маросимини ўтказди. Маросимда учинчи авлод AirPods симсиз қулоқчинлари, янги процессорлари ҳамда янгиланган MacBook Pro’ни намойиш этди.

AirPods узоқроқ ишлайди

Маълум қилинишича, учинчи авлод AirPods қулоқчинларида намлик ва тер таъсиридан ҳимояланган. Қулоқчинларнинг аккумулятори ҳажми оширилган ҳамда янгиланган дизайнга эга бўлди. Бундан ташқари, янги AirPods “макон аудиоси” ва Dolby Atmos функциялари билан жиҳозланган.

Ишлаб чиқарувчиларнинг таъкидлашича, аккумулятор қуввати олти соат тўхтовсиз мусиқа эшитишга етади. Кейс билан эса бу кўрсаткич 30 соатгача узаяди. Бундан ташқари, AirPods 3 MagSafe симсиз қувватлаш функциясини қўллаб-қуватлайди. Қулоқчинлар нархи 179 доллар бўлиб, келаси ҳафтадан етказиб бериш бошланиши кутилмоқда.

M1 Pro ва M1 Max процессорлари

Apple, шунингдек, ўзи ишлаб чиқарган M1 Pro ва M1 Max процессорларини намойиш этди. M1 Pro 33,7 млрд транзистор ва сониясига 200 гигабайт тезликка эга 32 гигабайтли хотира билан жиҳозланган. M1 Max ундан кўра кучлироқ. У 57 млрд транзистор, тезлиги сониясига 400 гигабайт бўлган 64 гигабайтли хотирага эга. Қайд этилишича, M1 Max’нинг хусусиятлари графика билан ишлаганда янада сезиларли бўлади.

Янгиланган MacBook Pro

Бундан ташқари, тақдимотда янгиланган MacBook Pro намойиш қилинди. MacBook Pro 14,2 ва 16,2 дюймли дисплейларда сотувга чиқади. Ёнидаги ромлар 26, юқоридаги ром 60 фоизга кичрайган. TouchBar ўрнига қатор клавишлар жойлаштирилган, ноутбук MagSafe магнит қувватловчиси билан жиҳозланган. Шунингдек, аввалги дизайнда олиб ташланган HDMI-тирқиш яна қайтган. Ноутбукларнинг қалинлиги 17 ва 15,5 миллиметрни ташкил этади.

MacBook Pro mini-LED дисплей билан жиҳозланган, унда бир марта қувватлаш орқали 17 соат тўхтовсиз фильм томоша қилиш мумкин бўлади. Ноутбук 30 дақиқа ичида 50 фоизгача қувватланади.

14 дюймли MacBook Pro нархи 2000, 16 дюймлисиники эса 2500 доллар бўлади.

Мавзуга оид